$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон президенти махсус вакили ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус вакили билан музокаралар олиб борди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Брюссел шаҳрида Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан гуманитар ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Томас Никлассон Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади, жорий йил июл ойи охирида Тошкентда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция муваффақиятли ўтказилганини алоҳида таъкидлади.

Ушбу мамлакатнинг янги ҳукумати томонидан кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, асосий инсон ҳуқуқларини, аёллар ва мамлакатдаги миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасидаги халқаро ҳамжамиятнинг асосий талаблари бажарилиши муҳимлиги таъкидланди.

Томас Никлассон Ўзбекистон томонининг Афғонистоннинг янги ҳукуматга нисбатан жаҳон ҳамжамияти яхлит позициясини ишлаб чиқмасдан туриб, ўткир ижтимоий-гуманитар инқирозни бартараф этиш, мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга кўмаклашиб бўлмайди, деган фикрига қўшилди.

Томонлар афғон муаммоси бўйича ҳам икки томонлама асосда, ҳам Марказий Осиё давлатлари махсус вакиллари даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди.