$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Умрани бизнес қилганлар

Umra Умра

Бугунги кунда тур агентликларига Умра сафари учун ҳам саёҳатлар амалга оширишга эркинлик берилган. Бу эса кўплаб тадбиркорларга қўл келди. Ҳаттоки, фақатгина Умра зиёратига ихтисослашган агентликлар сони ҳам бугунги кунда талайгина.

1000 долларлик Умра сафари

Осон бизнесга айланиб қолган ушбу иш ўз навбатида рақобат ҳамда муаммоларни келтириб чиқарди. Оддий мисол бугунги кунда Умра сафари учун стандартлашган сумма 1000 АҚШ доллар. Олдинлари айнан шу молиявий муаммо сабаб одамларда зиёратга боришда қийинчиликлар юзага келган. Ҳозирги кунда эса зиёратга борувчилар сони кескин ошиб бормоқда.

Агентликларда қандай муаммо бор?

Танганинг икки томони бўлганидек, мазкур тижорат турида ҳам бир қатор муаммолар бўлди, фақат мижозлар билан. Яъни агентликларда бир қатор камчиликлар келиб чиқа бошлади. Умра сафари учун баъзи бир агентликлар хизматидан фойдаланганлар уларга кўрсатиладиган хизматлар ёмонлигидан ва тамадди масаласида шикоят қилишган. Бундан ташқари текширувлар ўткизилганда айрим тур агентликлари ҳеч қандай рухсатномасиз Умра зиёрати билан шуғулланганликлари аниқланган.

Мижозларини уйига қайтара олмаётган компания

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда авиарейслар кечикаётганлиги сабабли ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Умра сафаридан қайта олмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум бўлишича ушбу зиёратчилар умра сафарини “Panorama airways” компанияси орқали амалга оширишган бўлган. Кейин мазкур ҳолат ҳамда Умра сафарида юзага келаётган айрим муаммолар сабабли Туризм қўмитаси лицензиясиз Умра хизматларини тақдим этган компаниялар ҳақида ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилаётганини билдирди. Шу билан бирга хизматларни сифациз кўрсатилганидан жабр кўрган зиёратчиларга моддий ва маънавий зарар суд қарори билан ундириб берилишини эслатиб ўтилганди.

Кейин эса Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан ўзбекистонликларни Умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авиакомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари бошланди. Бунинг орқасидан “Panorama airways” хусусий авиакомпаниясининг исми ошкор этилмаган амалдори ҳибсга олинди. Прокуратура очиқланмаган айрим томонларни иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди дея изоҳлади.

Шунингдек, компания 5 феврал куни компания 2−4 феврал кунлари 3000 дан ортиқ йўловчи уйларига қайтганини маълум қилган.

Лицензиясиз фирма

Бундан ташқари ижтимоий тармоқларда “Xurmo Travel” сайёҳлик фирмаси орқали ҳам Умра сафарига борган зиёратчилар азият чекаётгани билдирилган. Туризм қўмитаси вазиятни ўрганганида “Xurmo Travel Umra” МЧЖ туристик фаолиятини юритиш учун “кириш”, “чиқиш” ва “ички” туризм билан шуғулланиш учун лицензия 2022 йил 9 декабр куни Фарғона вилоятининг Туризм бошқармаси томонидан берилган бўлиб, “Xurmo Travel Umra” МЧЖ томонидан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга доир лицензияга эга бўлмай туриб мазкур фаолият билан шуғуллангани маълум бўлган. Шу сабабли, “Xurmo Travel Umra” МЧЖнинг амалдаги лицензияси ўн кун муддатга тўхтатилган.

Огоҳлантирилган агентликлар

Шу билан бирга Туризм қўмитаси феврал ойи бошида Умра зиёратига жўнатувчи “Fayz Tour Travel”, “Maryam Travel-agency”, “Mahbub Tour”, “Ramazan Travek sayohat” компанияларини қонунбузарликлар учун огоҳлантирган.

Қонунчилик талаби

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345 сонли Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг Умра хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия олиш учун талаблар ва шартлар жорий этилган эди:

• Умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

• Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

• Умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;

• Умра хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш;

100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш. Мазкур захирадан туроператор томонидан Умра хизматларини сифациз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилади.