$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Андижонда 12 ёшли бола кутубхона бошқарувчиси бўлди

бола кутубхона

Айни дақиқаларда Андижондаги ёшлар марказида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Ушбу учрашувда ёшлар ўзларининг таклиф ва муаммолари билан вилоят ҳокимига мурожаатларини билдирмоқда.

“Кўп китобларни топиш муаммо бўлди”

Йўлланган ҳар бир мурожаат рўйхатга олиниб, аксарларининг ижроси ўз жойидан бошланмоқда. Масалан, учрашувда сўзга чиққан Андижон тумани, “Терактаги” маҳалласида истиқомат қилувчи 12 ёшли китобхон Асадилло Розиқов кутубхона масаласида мурожаат қилиб, у китоблар етишмагани учун “Ёш китобхон” кўрик танловида энг олий натижани қўлга кирита олмаганини билдирди.

Ёш китобхон “кўп китобларни топиш муаммо бўлди. Асосан, пдф (электрон шаклдаги китоб) ўқидим. Тўғри, яхши натижа кўрсата олмадим, лекин ёнимдаги, ўзимни таниш опам республика босқичига чиқди”, дея ҳокимдан ўз маҳалласида кутубхона очишга изн сўради. 

12 ёшли бошқарувчи

Ҳоким бунга жавобан болани ёнига чорлаб, бағрига босар экан, боланинг ўзи эҳтиёжи учун машина ёки шунга ўхшаш нимадир эмас, маҳалласи учун кутубхона сўраётганини эътироф этди. Шундан сўнг, Абдураҳмонов саҳнанинг ўзида архитектор ва молия бўлими маъсулларини чақириб, болага 1 ойдан сўнг кутубхона топширилишини ваъда қилди ва у ерга 12 ёшли Асадилло Розиқовнинг бошқарувчи бўлишини таъкидлади.

“Бугун 23 бўладиган бўлса, Худо хоҳласа, 25 январь куни очилиши. Тушунтиролдимми?”, — дея маъсулларга топшириқ юклади вилоят ҳокими.

Ажабланарлиси, вилоят ҳокимининг телеграмдаги расмий саҳифасига кўра, бугуннинг ўзида маҳаллага кутубхона қуриш ишлари бошланган. Халқимизнинг “Хон сўзи — худо сўзи” деган гап бежиз эмас, шекилли.