$
 12175.34
4.67
 14063.74
15.14
 154.29
1.99
weather
+26
Кечаси   +14°

Ишга неча дақиқада борасиз?: Тошкент шаҳрида “ётоқ туман” муаммоси

Манба: бугун Президент аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказади

Аҳоли турар жойларини оптимал ташкил этиш шаҳарда яшаш қулайлигини таъминлашнинг муҳим омили саналади. Фуқароларнинг иш жойига етиб олиши ва уйга қайтиши учун қулайликлар, бўш вақтларида дам олиш ва ҳордиқ чиқариш имкониятлари шаҳарларнинг жозибадорлигини оширади. Шаҳарда яшовчилар иш жойига бориш ёки, айтайлик, ҳарид қилиш учун деярли ҳар куни кўчага чиқишига тўғри келади ва табиийки, бу манзилнинг масофаси ёки унга етиб олиш қулайлиги аҳолининг кайфиятига таъсир ўтказади.

Маълумот учун, пандемиядан олдинги даврда (2019 йил) Европа Иттифоқида иш билан банд бўлган аҳоли иш жойига етиб бориш учун ўрта ҳисобда 25 дақиқа сарфлаган. Бу кўрсаткич Латвияда энг юқори қийматни ташкил этиб (33 дақиқа), кейинги ўринлардан Венгрия ва Люксембург (иккаласида ҳам 29 дақиқа) ҳамда Бирлашган Қироллик (30 дақиқа) жой олган. Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, автомобиль ҳайдовчилари тирбандлик туфайли кунига ўрта ҳисобда 25 дақиқа ортиқча вақт сарфлашади. Шунингдек, иштирокчиларнинг 74,2 фоизи тирбандликни шаҳарнинг асосий муаммолардан деб таъкидлашган.

Бу маълумотларни Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертларининг Тошкент шаҳрида аҳоли пунктларини жойлаштиришдаги муаммоларга бағишланган таҳлилида кўриш мумкин.

Аҳоли зичлиги

Тошкент шаҳрида аҳоли сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Статистика агентлиги маълумотларига қаралса, Тошкентда 2023 йил бошида аҳоли зичлиги ҳар км квадрат учун 8 200 кишидан ошган. Таққослаш учун, аҳоли зичлиги Барселонада 15 991 кишини ташкил этиб, иш ва турмуш мувозанати рейтингида юқори 25 ликдан жой олади. Ҳақиқатда Тошкент шаҳрида яшовчилар расмий рақамлардан анча кўп, деб қараганда ҳам шаҳардаги аҳоли зичлиги Барселонанинг кўрсаткичларига етмайди. Тошкент ён-атрофга кенгайиб, шаҳар марказига қатновчилар ҳам кўпаймоқда. Бу, ўз навбатида, транспорт инфратузилмаси, шаҳар экологияси ва ижтимоий инфратузилма объектларига қўшимча юклама яратмоқда.

Нега одамлар шаҳар марказида яшашга интилади?

Шаҳарнинг марказида ёки четроғида яшаш, авваламбор, аҳолининг иқтисодий имкониятига боғлиқ бўлади. Марказга яқинлашган сари ер, уй-жой нархи ортиб бориб, ундан узоқлашишда эса транспорт харажатларининг ортиши ва коммуникация имкониятларининг пасайиб бориши кузатилади. Бир томондан, аҳоли бой қатламининг марказга интилишига сабаб коммуникация имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва вақтни тежаш бўлса, даромади юқори бўлмаганлар эса транспорт харажатларининг камроқ бўлиши туфайли марказий ҳудудларда яшашга интилади.

Бошқа томондан, айнан шу икки омил – ер нархи ва коммуникация имкониятлари шаҳар четида яшашга ундовчи сабаблар ҳисобланади. Яъни кам даромадли аҳоли ер, уй-жой нархи арзонроқ ҳудудга қараб интилса, даромади юқори қатлам кўпроқ ерга эгалик қилиш, кенгроқ жойда яшаш, яшилликка яқинроқ бўлиш мақсадида марказдан узоқлашади.

Марказда ер нархининг юқорилиги кичикроқ майдонга кўпроқ уй-жой қурилишини рағбатлантиради. Шу тарзда марказдан узоқлашган сари ер нархининг пасайиб бориши уй-жойлар майдонининг кенгайишида намоён бўлади.

Бундан шу холосага келиш мумкинки, кўп қаватли уйларнинг қаватлари сони шаҳар марказидан узоқлашган сайин камайиб бориш тенденсиясига эга. Яъни шаҳар марказидаги уй-жойлар четдагига қараганда баландроқ, марказда кўп қаватли уйлар сони кўпроқ бўлади.

“Ётоқ туман” нима?

“Ётоқ туман” тушунчаси асосан йирик шаҳарлар учун хос бўлиб, бундай ҳудудлар одатда шаҳар марказидан узоқда, шаҳарнинг маъмурий чегараси ҳудудларида жойлашган бўлади. Жамоат транспортидаги муаммолар, иш жойига бориш ва қайтиш учун сарфланадиган узоқ вақт бу ҳудудларнинг аксарияти учун умумий жиҳат дейиш мумкин. Чилонзор тумани ҳозирда ривожланиш кўрсаткичлари бўйича етакчи ҳудудлардан бўлишига қарамай, у Тошкент шаҳри аҳолиси хотирасида “ётоқ туман” сифатида сақланиб қолган. Бунинг илдизи эса собиқ Иттифоқ давридаги йирик шаҳарларни режалаштириш анъаналарига бориб тақалади.

“Ётоқ туман” тушунчаси собиқ Иттифоқда ХХ асрнинг ўрталарида мавжуд шаҳарларни фаол ривожлантириш ва янгиларини қуриш бошланганда пайдо бўлди. Дастлабки шаҳарсозлик режаларига мувофиқ, совет архитекторлари йирик корхоналар ва саноат инфратузилмаларини шаҳар марказига яқинроқ, турар-жой ҳудудларини эса чекка ҳудудларда жойлаштиришни режалаштирганлар. Бу тадбир орқали барча ишчиларга дам олиш ва шахсий ривожланиш учун тенг шароитлар яратиш мақсад қилинган бўлса-да, вақт ўтиши билан юзага келган вазият ўйланганидек бўлиб чиқмади. Одамлар фақат ухлаш учун борадиган турар-жойлар “ётоқ туманлар” деб атала бошлади. Йил сайин шаҳарлар янада кенгайиб, атрофга “ёйилиб” борди ва бормоқда. Шунингдек, бу жойларда ташкил этилган аҳоли пунктларида яшовчиларнинг шаҳар марказига боришдаги қийинчиликлари ортиб борди ва бормоқда.

Яшаш учун қулай ва дам олиш мумкин бўлган сокин жой

“Ётоқ туман”лар дастлабки ташкил этилган даврларда магистрал йўллар ва шовқинли шаҳар марказидан узоқда, яшаш учун қулай ва дам олиш мумкин бўлган сокин жойлар бўлган. Москвада 1960 йилдан бошлаб шаҳар таркибига қўшилган қишлоқларда “ётоқ туманлар” ташкил этилиб, улар баландлиги 9 дан 22 қаватгача бўлган стандарт панелли кўп қаватли уйлардан иборат бўлган. Аҳоли метро бекатларига автобус ва поездларда боришган, бу ҳудудларда маданий ва дам олиш инфратузилмаси деярли бўлмаган. Харид қилиш учун шаҳар марказига боришга тўғри келган. ХХI асрнинг бошидан вазият ўзгарди. Энди шаҳар маркази аҳолиси Москва ҳалқа йўли бўйлаб жойлашган “ётоқ туман”ларда харид қилишмоқда. У ерларда энг йирик гипермаркетлар тармоқлари қурилиб, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари марказий жойларга нисбатан арзонроқ. Аҳоли турар жойларида клублар, ресторанлар ва кафелар пайдо бўлди, баъзиларида янги метро линиялари ётқизилди.

Дарҳақиқат, замонавий турар-жой массивлари аввалгидек шаҳар марказидан узоқ масофада жойлашган бўлса-да, дастлабки “ётоқ туман”ларнинг хусусиятларига зид равишда, айни пайтда бу масканларда янги инфратузилмалар пайдо бўла бошлади. Кўплаб замонавий турар-жой ҳудудларининг ўз савдо марказлари, овқатланиш жойлари ва супермаркетлари мавжуд.

Айтиш лозимки, “ётоқ туман” деганда расмий истеъмолдаги туман эмас, балки туманнинг маълум мавзесини тушуниш лозим. Чунки “ётоқ туманлар” дастлаб шаҳар четларида ташкил этилгани инобатга олинса, шаҳар миқёсида қараганда аксарият туманларнинг марказий ва номарказий қисмлари мавжуд. Масалан, Яшнобод туманининг бир “учи” марказга туташса, иккинчиси шаҳар катта ҳалқа автомобилm йўлига туташади. Ёки Чилонзор туманини “ётоқ туман” дейдиган бўлсак, шаҳар марказидан жой олган Халқлар дўстлиги саройи шу туман ҳудудида жойлашган.

Тошкент шаҳрида аҳоли турар жойларнинг жойлашуви

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йилда шаҳар биноларининг тарихий харитасини тақдим этди. Ҳокимлик маълумотларига кўра, 1865 йилдан 1960 йилгача бўлган даврда Тошкент маҳаллалари ва кўчаларнинг жойлашуви деярли ўзгармаган. 1966 йилдаги зилзила туфайли бошланган кенг миқёсли қайта қуришдан сўнг жиддий ўзгаришлар кузатилган.

2018-2023 йилларнинг харитасига қаралса, “ётоқ туман”лар амалиёти қисман такрорланаётганини кўриш мумкин. Асосий уй-жойлар шаҳарни кенгайтириш ҳисобига Сергели ва Янгиҳаёт туманларида барпо этилган. Бунинг шаҳар мобиллигига таъсирини биргина метрополитеннинг Чилонзор линияси юкламасининг ортиб кетганида кўриш мумкин. Табиийки, Сергели линиясининг ётқизилиши бу туманлар жозибадорлигини оширишга хизмат қилди. Бироқ бу ҳудудларда иш ўринларининг нисбатан камлиги аҳолининг марказга ҳаракатини кучайтиради.

“Ётоқ туман” унсурлари Учтепа тумани мисолида

Тошкент шаҳри ҳудудларида ҳам “ётоқ туман” унсурлари сақланиб қолган. Буни шаҳарнинг Учтепа тумани мисолида кўриб чиқамиз.

Расмий статистикага кўра, Учтепа тумани шаҳар ҳудудлари орасида аҳоли сони бўйича 5-ўринда бўлса, аҳоли зичлиги бўйича 4-ўринда туради. Агар туманнинг йирик бозорларга яқинлиги ҳамда ижара нархларининг нисбатан арзонлиги сабабли мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ишлаш мақсадида келиб яшовчи аҳолининг ушбу туманда истиқомат қилишга рағбати инобатга олинса, бу кўрсаткичлар янада юқорилаши мумкин.

Энг кўп ижарада турувчи хонадонлар Чилонзорда

Маълумот учун, 2022 йил бошида ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, аҳоли энг кўп ижарада турувчи хонадонлар Чилонзор (3133 та хонадон), Мирзо Улуғбек (2568 та) ва Учтепа (1894 та) туманларида жойлашган. Ижарага берилган хонадонлар туманда жойлашган хонадонларга нисбатан Чилонзорда 4,2%, Мирзо Улуғбекда 2,8% ва Учтепада 3,1% ни ташкил этади. Шаҳар бўйича ўртача кўрсаткич 2,1%.

Инфратузилмалар аҳоли сонига мос эмас

Туманда рўйхатдан ўтган корхоналар сонига қаралса, унинг кўпроқ маиший хизматларга ихтисослашганини кўриш мумкин. Учтепа тумани давлат корхоналари сони (716 та) бўйича шаҳар туманлари орасида сўнгги ўринларда, нисбатан янги ташкил этилган Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидан олдинги ўриндан жой олади. Расмий иш ўринларининг рўйхати асосан давлат ташкилотлари ёки йирик корхоналар ҳисобига шаклланиши ҳисобга олинса, бу аҳоли зич жойлашган ҳудуд учун етарли эмасдек туюлади. Бу ўринда давлат ташкилотлари бўйича бўшлиқ йирик корхоналар орқали тўлдирилган, деган фараз ҳам ўзини оқламайди. Жумладан, туманда 4 та ационерлик жамияти рўйхатдан ўтган бўлиб, бу кўрсаткич бўйича фақат шаҳарнинг энг янги тумани – Янгиҳаётдан юқори поғонада туради. Шунингдек, масъулияти чекланган жамиятлар сони (8431 та) ҳам юқорида санаб ўтилган 3 та туман кўрсаткичларидан юқори холос.

Айни ҳолатни оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар, нодавлат жамоат бирлашмалари мисолида ҳам кузатиш мумкин. Туманда 6 та оилавий ва 1 та марказий кўп тармоқли поликлиника мавжуд бўлиб, қайд этилган 3 та тумандан юқори кўрсаткичга эга. Шунингдек туманда 50 та нодавлат жамоат бирлашмалари рўйхатдан ўтган ва уларнинг миқдори бу кўрсаткич бўйича бир поғона юқоридаги тумандагидан (Яшнобод туманида 84 та) 1,7 баробар кам.

Норасмий муносабатларнинг оммалашуви

Маълумки, яширин иқтисодиёт норасмий муносабатларнинг ортиши ва ижтимоий ҳимоянинг заифлашувига олиб келади. Норасмий муносабатларнинг оммалашуви эса, ўз навбатида, қайсидир жиҳатдан расмий идораларга бўлган талабни сусайтиради. Ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар норасмий йўллар билан ечилади. Яна статистикага қайтадиган бўлсак, бу жиҳат адвокатуралар сонида намоён бўлади. Учтепа туманида рўйхатдан ўтган адвокатуралар сони 80 тани ташкил этиб, яна ўша 3 та тумандангина юқори ўринда.

Бу кўрсаткичлар оммабоплик, янада тушунарлироқ қилиб айтганда, қайсидир маҳалла фуқароларининг маълум хизмат кўрсатиладиган манзилга қисқа вақт ичида етиб олиши нуқтаи назаридан таҳлил қилинса, вазият тасвири янада ойдинроқ намоён бўлиши мумкин.

15 дақиқалик шаҳар

“15 дақиқалик шаҳар” шаҳарларни янада инклюзив ва самарали қилиш учун ишлаб чиқилган концепция бўлиб, сўнгги йилларда кўп эътироф этила бошлади. Ўтган асрда шаҳарларни режалаштиришда жойлашувга эмас, балки мобилликка кўпроқ эътибор қаратилиб, мақсад одамларга А нуқтадан Б нуқтага имкон қадар тезроқ боришга ёрдам бериш эди. Бу йўналишдаги режалаштиришнинг асосий камчилиги шунда эдики, у А ва Б нуқталар абадий ўзгармаслиги ҳақидаги фараз асосига қурилган. Аммо шаҳарлар ривожланади, одамларнинг турмуш тарзи ўзгариб боради. Мобиллик ошиши билан одамлар узоқроқ жойларда ҳам ишлашга одатланиб, оилаларнинг кундалик юмушлари доираси кенгаяди. Шу тариқа А ва Б нуқталар бир-биридан узоқлашади. Қарабсизки, мобилликни таъминлаш учун янада кўпроқ инвестициялар талаб этилаверади.

Оммабоплик ҳудудда турли хил хизматларни жамлаш орқали таъминланади, шу сабабли керакли жойга бориш учун бутун шаҳар бўйлаб ёки ундан ташқарига чиқиш шарт бўлмайди. Шу жиҳатдан қараганда, оммабоплик маълум вақт давомида қанча нарсага эришишингиз мумкинлигини англатади.

Шаҳарларни режалаштиришда оммабопликка эътибор қаратиш керак

Шаҳарларни режалаштиришда саёҳат тезлигига эмас, оммабопликка эътибор қаратиш аҳолининг барча эҳтиёжларини ўзлари яшайдиган ҳудудда қондиришини назарда тутади. Натижада қайсидир хизматдан фойдаланиш ёки ишлаш учун узоқроққа боришга тўғри келмайди ва вақт ўтиши билан транспорт соҳасига инвестицияларга талаб камайиб боради. Хизматларнинг яқин атрофда жойлашиши аҳолини пиёда ёки велосипедда ҳаракатланишга рағбатлантиради, пиёдалар ва велосипедчилар учун инфратузилмани таъминлаш эса анча арзонга тушади.

Шунингдек, концепцияни жорий этиш шаҳарнинг бошқа кўплаб муаммоларини ечишга ҳам ёрдам беради. Масалан, транспорт воситаларидан ажраладиган захарли газлар камаяди, яшил ҳудудлар кўпаяди, ерларнинг жозибадорлиги ортади. Шаҳарнинг четроқ ҳудудида жойлашган ерларнинг ҳам жозибадор бўлиши маҳаллий буджет тушумларининг ортишига олиб келади ва ҳокимликнинг молиявий салоҳияти янада кенгаяди. Бу эса, ўз навбатида, ҳокимликнинг кам таъминланган аҳолига ёрдам кўрсатиш имкониятини оширади.

 Хулоса ўрнида

Шаҳарларда юзага келган муаммолар, айтайлик, тирбандлик муаммоси ақлли светофор ўрнатиш ёки йўлларни кенгайтириш каби хусусий ечимлар билан бартараф бўлиб қолмайди. Муаммога комплекс ёндашув қўллаш, ислоҳотларни узоқ муддатни кўзлаб, режа асосида тизимли амалга ошириш мавжуд бошқа муаммоларга ҳам ечим бўлиши билан бирга, келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олдини олади. Шундай экан, ҳудудларда аҳоли учун тенг имкониятлар яратиш, иш жойлари ва хизматларни аҳолига яқинлаштириш ҳозирда Тошкент шаҳрида кузатилаётган қатор муаммоларга ечим бўлиши мумкин.


Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot