$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Тошкентнинг 73 та асосий кўчасида автобуслар учун алоҳида йўлаклар қилинади

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш мақсадида Тошкентнинг 73 та асосий кўчасида автобуслар учун алоҳида йўлакларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Президент транспорт инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, жамоат транспорти устуворлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Тошкентдаги 73 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади. Бу ҳақда сешанба куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, йўлларда жамоат транспортининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш — долзарб масала. Шу мақсадда Тошкентда 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу орқали автобусларнинг ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишлар бартараф этилади.

Вилоятлар ҳокимларига ўз ҳудудида пойтахтдагидек каби транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, амалга оширишни бошлаш топширилди. Бунда йўл ва чорраҳаларда жамоат транспортига устуворлик бериш, бекатларда аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Тошкентда 2025 йилгача 11 та кўчада тезюрар автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилган эди. Ҳозирда фақат Фарғона йўли ва Навоий кўчаларида ажратилган йўлаклар мавжуд. Пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг айтишича, Навоий кўчасида жисмоний тўсиқлар ўрнатилмаса, «ажратилган йўлаклар» ишламаслигини кўрсатган. Шу боис, жамоат транспорти учун йўлакларни умумий фойдаланишдаги йўлаклардан конус ва ленталар билан вақтинча ажратиш кўзда тутилган.

Унинг қўшимча қилишича, жамоат транспорти учун ажратилган йўлаклар жамоат транспортининг амалда устувор бўлишини таъминлаш имконини беради. Аслида йўл ҳаракати қоидалари бу устуворликни назарда тутади, лекин ҳеч ким бунга риоя қилмайди.

«Ажратилган линиялар режали рейсларни амалга ошириши учун иш тезлигини ошириш учун зарур. Автобусларга устуворликни бермасак, паркни тўлдириш уларнинг жадвалга амал қилишга имкон бермайди. Фақатгина жамоат транспортининг устуворлиги унинг барқарор бўлишига ва ҳозиргидек тирбандликка қарам бўлиб қолмасликка имкон беради».