$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Термиз халқаро аэропорти реконструкциядан сўнг қайта ишга туширилди

Фото: Uzbekistan Airports Фото: Uzbekistan Airports

Термиз халқаро аэропорти яна ишга туширилди. 26 декабрь куни аэропорт биринчи рейсни қабул қилди.

Термиз халқаро аэропорти реконструкция қилингандан сўнг яна ишга туширилди, дея хабар қилмоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

26 декабрь куни аэропорт биринчи рейсни қабул қилди. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент — Термиз йўналиши бўйича HY-65 рейси, бортида 146 нафар йўловчилар билан, маҳаллий вақт билан соат 08:15 да Термиз аэропортига келиб қўнди.

55 кунлик танаффусдан сўнг Термиз халқаро аэропорти самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун яна очилди. Қайта қуриш доирасида узунлиги 3000 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари ва учта самолёт тўхташ жойи учун перронни ўз ичига олган, янги 4Э тоифали аэродром мажмуаси қурилди.

Шунингдек, аэродромга замонавий CAT-I ICAO ёритиш ускуналари тизими, метеорологик ва радионавигация қўниш тизимлари ўрнатилган. Янги аэродром мажмуасини қуриш лойиҳаси 550 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Айни пайтда 377 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. Лойиҳанинг якуний босқичи — учта самолёт турар жойи ва иккинчи юриш йўлаги 2023 йилнинг апрелигача якунланиши режалаштирилмоқда.

Термиздаги янги аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги бетондан қурилган.

Эслатиб ўтамиз, Термиз аэропорти янги аэродром мажмуасини фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан 1 ноябрь куни ёпилган ва парвозлар вақтинча республиканинг бошқа халқаро аэропортларига йўналтирилиб келинган эди. Аэропорт терминали ҳам реконструкция қилиниб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган.