$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Тошкентда Wildberries савдо-логистика мажмуаси қурилиши маълум бўлди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

8 ноябрь куни бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев энг йирик халқаро маркетплейслардан бири ҳисобланган Wildberries компанияси асосчилари Владислав ва Татяна Бакалчукларни қабул қилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон электрон тижорат бозорида талабнинг ўсаётгани, унинг ҳажми йил охирига қадар 1 миллиард долларни ташкил қилиши кутилаётгани, бу Интернетнинг кенг қамровлиги ва ёш фаол фойдаланувчиларнинг кўплиги билан боғлиқлиги ҳақида сўз борди.

Тайёр ўзбек маҳсулотларини маркетплейс орқали сотиш учун компаниянинг логистика комплексини Ўзбекистонда ташкил қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тошкентда барча тегишли хизматларни кўрсатувчи Wildberries логистика мажмуасини, шунингдек, товарларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш учун божхона ва сертификатлаштириш органларининг «ягона ойна» хизматларига эга саралаш марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 130 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа ишга тушиши билан 5000 та янги иш ўрни яратилади.

Шу нуқтаи назардан, маркетплейс орқали сотишга чиқариш учун биринчи босқичда ўзбек ишлаб чиқарувчилари томонидан 900 миллион доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари, 121,5 миллион долларлик чарм маҳсулотлари, 172,2 миллион долларлик маиший электротехника буюмлари ҳамда 382,5 миллион долларлик қурилиш материаллари етказиб беришга тайёрлик билдирилди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида компания ўзбекистонлик тадбиркорларни сотувчилар сифатида рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратади, электрон платформада ишлаш ва ўз товарлари сотиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўзбек ва рус тилларида ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун онлайн семинарлар ўтказади, шунингдек, янги ўзбек брендларини яратиш фабрикасини ишга туширади. Унда маркетинг тадқиқотлари, бозор таҳлиллари ўтказилади ва тегишли брендлар ишлаб чиқилади.

Маълумот учун, Wildberries компанияси 2004 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда универсал форматдаги энг йирик онлайн гипермаркетдир. Маркетплейс орқали кийим-кечак, пойабзал, электроника, болалар ва уй-рўзғор буюмларининг жаҳонда энг машҳур брендлари маҳсулотлари сотилади.

Wildberries бугунги кунда дунёнинг 20 та мамлакатида, шу жумладан, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Германия, Франция, Буюк Британия, Болтиқбўйи мамлакатлари, АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларда ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Компания 2022 йилнинг февралида Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйгани ҳақида «Дарё»га маълум қилганди.