$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ёш қизга сўйиб ташлаш билан таҳдид қилган имом-хатиб 3 суткага қамалди

Фото: Yuz.uz Фото: Yuz.uz

Араб тили курсидаги хатти-ҳаракатлари учун ишдан олинган Тошкент туманидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов 3 суткага қамалди. У 27 январь куни ўқув марказида фуқаро М.А.ни сўкиб, майда безорилик содир этган.

Араб тили курсидаги хатти-ҳаракатлари учун ишдан олинган Тошкент туманидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов 3 суткага қамалди. Бу ҳақда пойтахт судлари матбуот хизмати маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудио ёзувда имом-хатиб ёш қизга нисбатан бир қанча одамлар ичида таҳдидли гаплар айтган.

«Сенга ким қўйибди қайси устоз қайси устоздан кучлилигини? Тонадиган бўлсанг, башарангнинг олдига олиб келиб қўяман кимга гапирганингни. Сенга ким қўйибди? Бировнинг ўқув марказида ким нима қилди, сенинг ишингми шу? Мен сенга рўбарў қилиб қўяман ким гапирганини. Кеча рўпарамга келганингда бошингни аквариумга тиқмоқчи эдим, кеча жаҳлим чиқиб келгандим. Ўзимни сал босволдим бугун. Сўйиб ташлайман мен сени, юрагингни суғуриб, қўлингга олиб бераман, тушундингми?» — деган у.

Салкам 4 дақиқали аудиоёзувда имом-хатиб ўқув-марказ админстратори бўлган қизга бир неча марта «юрагини суғуриб олишини» такрорлаган.

Пойтахт судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, 30 январь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича Авазхўжа Баҳромовга нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд мажлисида аниқланишича, ҳуқуқбузар 2023 йил 27 январь куни соат тахминан 9:30 да туман ҳудудида жойлашган «Ал-Азҳар» ўқув маркази биносида бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини бузиб, фуқаро М.А.ни сўкиб, майда безорилик содир этган.

Суднинг 30 январдаги қарори билан Баҳромовга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

«Суд мажлисида аризачи ва ҳуқуқбузарга мазкур маъмурий ишга алоқадор бўлмаган ҳуқуқбузарликлар юзасидан келтирилган важлар бўйича тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Ушбу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳри судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкинлиги маълум қилинади», — дейилади ахборотда.

Қайд этилишича, 1977 йилда Тошкент вилоятида туғилган Авазхўжа Баҳромов муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилган.