$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Сўхда самолёт ва вертолётларга учиш-қўниш майдончаси қуриляпти

Сўхда самолёт ва вертолётларга учиш-қўниш майдончаси қуриляпти

Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борди.

Бош вазир туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда Фарғона вилояти Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида режалаштирилган барча чора-тадбирлар ўз муддатида сифатли амалга оширилишини маълум қилди.

Хусусан, Президент қарорига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, Сўх тумани “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган. Мазкур майдон салкам 10 гектар майдонни эгаллайди.

Авиақатновларга Ўзбекистондаги «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўлларининг «Uzbekistan Helicopters» масъулияти чекланган жамиятига қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Ан-2 самолёти 12 та йўловчи сиғимига, МИ-8 вертолёти эса 16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга ҳисобланади. Йўловчилар 35-40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади. Парвозларни ҳозирча кунига 2 тадан амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб авиқатновлар кўпайиши мумкин.

Транспорт вазирлиги авиақатновларнинг чипта нархлари йўловчилар учун мақбул нархларда бўлиши бўйича тегишли тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Қарорда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлаш белгиланган.