$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

«Тасаввур қилайлик, бир оила бошлиғи фарзандини оила учун бирон муҳим ишнинг уддасидан чиқолмай уни орқага тортгани учун жаҳл устида койиди». Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Тўра Боболовнинг овози дейилган аудиоёзувга изоҳ берди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг тарқалган аудиоси юзасидан изоҳ берди. 

Таъкидланишича, ушбу аудио Тўра Боболов ҳамда Қизириқ туманининг собиқ ҳокими И. Юсупов, тумандаги кластер вакили Х. Х. ларнинг 2022 йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган суҳбатидан кесиб олиниб, бошқа овозлар қўшилган ҳолда монтаж қилинган

«Мулоқотдан қарийб 9 ой ўтгандан сўнг интернет тармоғига сиздирилаётган мазкур аудиоёзувнинг 2:07-дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган қисмидаги ўта ҳақоратли сўзлар вилоят ҳокимига тегишли эмас. Бўлиб ўтган суҳбатга гувоҳ бўлганлар буни тасдиқлайди. (Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизматида асослар мавжуд).

Таҳлилларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги “Сурхондарё вилоятида замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан Қизириқ туманида хорижий инвестициялар иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил қилинган пахта- тўқимачилик кластери ўз мажбуриятларини бажармай белгиланган лойиҳаларни амалга оширмасдан келган. 

Натижада туманда 2020 йилда 10,5 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган бўлса, муҳокама қилинган вақтда (2021 йил якуни бўйича) 4 минг нафар фуқаро мазкур соҳага қамраб олиниб, уларнинг 6,5 минг нафари ишсиз қолдирилган. Бунинг оқибатида туманда хорижий давлатларга иш излаб кетганлар сони ошган.

Шунингдек, кластер томонидан 2022 йил баҳорги дала ишларида қатнашиши белгиланган 262 та чопиқ трактори ва култиваторлар ҳамда 102 та чигит экиш сеялкаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Вилоят ҳокими юқоридаги ҳолатларни таҳлил қилиш жараёнида асабий ҳолатда қўпол сўзлар ҳам ишлатиб юборган. (аудиоёзувнинг 2:07-дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган ҳолат бундан мустасно).

Таъкидлаш жоизки, ушбу муҳокамалардан сўнг кўтарилган муаммоли масалалар бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Ҳудуд ривожи учун жон куйдираётган вилоят ҳокимининг овозини ёзиб олиб, монтаж қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали уни ёмонотлиқ қилишдан, раҳбарият кўзига ёмон кўрсатишга уринишдан кимлардир манфаатдор бўлиши мумкин. Тасаввур қилайлик, бир оила бошлиғи фарзандини оила учун бирон муҳим ишнинг уддасидан чиқолмай уни орқага тортгани учун жаҳл устида койиди. Худди шундай, беш ёки ўн эмас, қарийб уч миллион кишининг манфаатини таъминлашга масъул раҳбар ҳам вақтида амалга оширилмаган иш учун жиддий толиққани сабаб беихтиёр масъулларга қаттиқ гапириб юборган бўлиши мумкин. Бу сўзларни монтаж қилиб, тармоқда тарқатиш билан шуғулланиш орқали раҳбарнинг ишчанлик қобилиятига таъсир этмоқчи бўлаётганлар ўзларини бугунги ислоҳотларга хайриҳоҳ шахс, дея аташга ҳақли эмаслар, бизнингча.

Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига монтаж қилингани аниқ сезилиб қолган бу аудиоёзувни тарқатган кимсалар ҳаракатида ғаразли ниятлар борлигини маълум қилиб, бундан тўғри хулоса чиқаришларини, чалғимасликларини сўраб қоламиз», — дейилади муносабатда.

Теги :
Jamiyat