$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Энди нағмалар ўтмайди: эҳтиёжманд хотин-қизларга субсидия ажратишда ўзгаришлар кутилмоқда

Pul Пул

Баъзан ёлғиз боқувчи сифатида ўзи бўлган, оғир касалликларга чалинган, ҳақиқатда муҳтож аёллар қолиб, рўзғори бут, моддий аҳволи бинойидек бўлган аёлларнинг ёлғиз аёллар учун мўлжалланган субсидия ёки имтиёзларни олиб юрганини кўрасиз. Демак ё тизимда қандайдир бўшлиқ бор, ё коррупциянинг қўли...

Янги қарор лойиҳаси эса юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиши мумкин.

Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги лойиҳаси

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.

Унга кўра, Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 15-банди саккизинчи хатбошисига ўзгартириш киритилмоқда.

Амалдаги тартиб қандай?

Амалдаги тартиб бўйича туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари етти иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади. 

Шунингдек, ЯИДХПда онлайн электрон шаклда ипотека кредити бўйича субсидия олишни истаган эҳтиёжманд оила (хотин-қизлар)нинг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар тоифасига мансублигини тасдиқлайди.

Никоҳи бекор қилинганлигига икки йил бўлиши керак

Таклиф этилаётган тартибда эса юқоридаги «тўлиқсиз оила» тушунчасига изоҳ бериб кетиляпти. Яъни, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарни «фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаяпти» деб топиш учун, улар «никоҳи бекор қилинганлигига икки йил бўлган ва умумий рўзғор асосида эр-хотин бўлиб яшамаётган» бўлишлари керак. 

Ушбу қарор аҳамияти

Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг билдиришича, мазкур тартиб ҳозирда масъул ташкилотларни чалғитиш орқали турмуш ўртоғи билан никоҳини бекор қилдириб, субсидия олиш орқали уй-жойга эга бўлиш, касб-ҳунарли бўлишга уринишлар ортидан қабул қилинмоқда.

Маълумот учун!

Субсидия — ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ.