$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“STRAUS HOUSE”га суд ҳукми ўқилди. Унинг раҳбари 9 йилга қамалди

“STRAUS HOUSE”га суд ҳукми ўқилди. Унинг раҳбари 9 йилга қамалди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида “Straus House” МЧЖ таъсисчиси И. Исроилов (муқаддам судланган), жамият директори А. Махмуталиев, директор ўринбосари Д. Қутпиддинов (муқаддам судланган) ва Straus House” МЧЖ бош ҳисобчиси О. Саидовга (муқаддам судланган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етгани ва суд ҳукми эълон қилинганини маълум қилди.

Суд ҳукмига кўра, “Straus House” раҳбари И. Исроилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 3-қисмининг “а” банди билан оқланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) нинг 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) нинг 1-қисми, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Махмуталиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а”, “в” бандлари, 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддасининг 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Д. Қутпиддинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а”, “в” бандлари, 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддасининг 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 8 йил 5 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

О. Саидов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а”, “в” бандлари, 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддасининг 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят иши юзасидан хатланган мол-мулк тегишли тартибда жабрланувчиларга нисбатан етказилган зарарлар ўрнини пропорционал тартибда қоплаш учун қаратилиши белгиланди.

Шунингдек, судланувчилар И. Исроилов, А. Махмуталиев, Д. Қутпиддинов ва О. Саидовлардан тегишли тартибда давлат фойдасига 222 386 043 сўм ундирилиши белгиланди.

И. Исроиловдан “EZOZ MAX” ва “СFS MAX” МЧЖларнинг фаолияти юзасидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

И. Исроилов, А. Махмуталиев, Д. Қутпиддинов ва О. Саидовлардан солидар тартибда “Straus House” МЧЖнинг фаолияти юзасидан жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий зарар миқдори ундирилиши белгиланди.

Жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг АТИБ “Ипотека банк” Меҳнат филиали ҳисоб-рақамида сақланаётган ҳамда хатланган Покистон Ислом Республикасининг “Chemikals & Marbels Lahore Pakistan” компаниясига туяқуш жўжаларини сотиб олиш мақсадида шартномага асосан кўчирилган 1 854 000 000 сўм миқдоридаги пуллар тегишли тартибда етказилган моддий зарарларни қоплашга пропорционал тартибда қаратилиши белгиланди.