$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Алдагани Сенат яхши(ми?)

ИИВ IIV

2024 йилнинг 10 январь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтганди. Йиғилишда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди. https://senat.uz/events/post-1696 Бу ҳақда сайтимизда ҳам тўлиқ маълумот берган эдик.

Қаршиликка учраган қонун 

Унда муҳокама қилинаётган Қонун билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгилаётган эди.

Сабабми ё важ-корсон

Сабаб сифатида, 2022 ва 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл патруль хизмати ходимлари 253 марта фуқаролар томонидан фото ва видеотасвирларга олиниб, интернет тармоқларига тарқатилгани кўрсатилгани, кейинчалик мазкур видеотасвирларнинг барчаси Ички ишлар вазирлигининг масъул бошқармалари томонидан ўрганиб чиқилгач, ўрганилган видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга видео жойлаштиргани маълум бўлгани келтирилган. 

Ёлғон тажрибалар 

Бундан ташқари, қонунни тасдиқлаш учун Буюк Британия, Франция ва Германия тажрибалари нотўғри талқин қилинган ҳолда муҳокамага қўйилган. Мавзу юзасидан BBC ахборот агентлиги ўрганиш олиб борган ва унга кўра, Сенат муҳокамасида янграган халқаро тажриба усуллари мутлақо ҳақиқатга зид бўлиб чиққан. 

Буюк Британияда аслида қандай? 

Буюк Британияда полицияни бемалол тасвирга олиш мумкин, бунга тақиқ йўқ. Ҳаттоки, бу полициянинг сайтида ёзиб қўйилган. Фақат биттагина ҳолатда, яъни терроризм хавфи мавжуд бўлсагина, террорчи дея шубҳа қилинган шахсдан тасвирга олишни тўхтатишни сўрашлари мумкин. Аммо кейинчалик у одам террорчи бўлиб чиқмаса, унда шубҳа қилган ва тасвирга олишни тақиқлаган полициячининг ўзи жавобгарликка тортилади. 

Олмония ва Фарангистонда-чи? 

Франция ҳақидаги маълумот ҳам мутлақо нотўғри бўлиб чиққан. Францияда полицияни тасвирга олишни тақиқловчи қонун қабул қилишган, лекин ўша йилнинг ўзида Франция Конституциявий суди ушбу қонунни Конституцияга зид дея топиб, уни бекор қилган. Тасаввур қиляпсизми, бу Конституцияга зид деб топилган. Германия ҳақидаги маълумот ҳам ноаниқлиги маълум бўлди. Яъни, ҳақиқатдан Германияда бошқа шахсларнинг тасвирини интернетда тарқатиш мумкин эмас, аммо бу касбидан, лавозимидан, кимлигидан қатъи назар барча аҳоли учун тааллуқли қонун. Айнан орган ходимлари учун алоҳида ҳеч қанақа модда йўқ. Шунга қарамай, агарда полиция қонунни бузаётган бўлса, унда бу ҳолатни тасвирга олиб, тарқатишга рухсат берилган экан, чунки нормал жамиятларда бўлгани каби, Олмонияда ҳам жамоат манфаати шахсий ҳуқуқлардан устун қўйилади.

Бундан келиб чиқадики, “Европанинг илғор давлатлари тажрибаларига кўра” бу қонунни чеклаш — ахборот эркинлигини чеклашга ҳамда кучишлатар тизимларнинг айби хаспўшланишига сабаб бўлади.

Теги :
Jamiyat