$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Беларусдаги сайловлар: натижаларни қалбакилаштирган “ОМОН”чилар, пойтахтдаги тўқнашувлар (+фото)

Беларусдаги сайловлар2

Кеча Беларусда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. Амалдаги Президент Александр Лукашенко унда олтинчи бор ўз номзодини илгари сурди. Сайловгача аҳоли ўртасида пайдо бўлган норозиликлар сайлов куни ҳам давом этди. Бир неча ҳудудларда норозилик намойишлари ва хавфсизлик ходимлари билан тўқнашувлар бўлиб ўтди.

Гродно шаҳрида эса махсус полиция бўлими отряди сайлов комисиясини қалбакилаштирилган протоколни имзолашга мажбур қилган. Бу ҳақида “БелсатТВ” хабар бермоқда.

Нашрга кўра, Гроднодаги 32-сонли мактабда жойлашган сайлов комиссияси соҳта рақамлар билан баённома тузишдан бош тортгани учун полиция ходимлари уларни мактабга қамаб қўйишган.

Сайлов комиссияси баённома имзолашдан бош тортган ва овозларни адолатли ҳисоблашни талаб қилган. Мактабга “ОМОН”чилар етиб келади ва одамларни кўчага чиқариб юборади. Улар келгач комиссия билан суҳбат ўтказилган. Суҳбатдан сўнг Тихановская, аслида 78% бўлишига қарамай, 56% овоз тўплагани қайд этилган. Бу келишув эди, деб ёзади “БелсатТВ”. Комиссия раисини махсус бўлинма олиб кетган. Одамлар кўчада “Позор!” (Шарманда!) дея ҳайқириб, ўз муносабатларини билдиришган.

Маълумот учун, бу йилги сайловларда, бешта номзод президентлик учун курашяпти. Ҳозирда Светлана Тихановская амалдаги президент Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлиб турибди ва жамоатчилик фикрига кўра кўпчилик унга ҳайрихоҳ.

Бироқ, кечаги сайловлар бўйича Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг оралиқ ҳисоб-китобларига кўра, Александр Лукашенко 81% фоиздан юқори, асосий рақобатчи Светлана Тихановская эса бор-йўғи 8 % овоз тўплаган.

Одамлар 1994 йилдан бери узлуксиз олтинчи марта сайланаётган Лукашенконинг ғалабасига ишонишмаяпти.

МСК натижаларни эълон қилгач, Минск ва бошқа бир қатор шаҳарларда оммавий норозиликлар бошланиб кетди. Хавфсизлик ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашувлар ҳам юз берган ҳолатлар учради. Жумладан, пойтахт Минскда полиция намойишчиларни тарқатиб юбориш учун куч ишлатган. Қарама-қаршиликлар бир неча соат давом этгач, одамлар тарқатиб юборилган.