$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Самара вилоятидаги ўзбекистонликларни Ватанга олиб келиш учун автобус карвони йўлга чиқди (+видео)

Самара вилоятидаги ўзбекистонликларни Ватанга олиб келиш учун автобус карвони йўлга чиқди

Республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналарининг саъйи-ҳаракатлари билан айни дамда Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россия Федерациясининг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди — Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни Ватанга олиб келиш мақсадида махсус автобус қатнови ташкил этилди.

Мазкур автобус қатновлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан амалга оширилади. Кеча, 23 сентябрь куни 15 та автобусдан иборат илк карвон (калонна) Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди. Ушбу қатнов барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия Федерацияси томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилмоқда.

Қатновни бажаришга жалб этилган 40 нафар ҳайдовчиларнинг барчаси йўлга чиқишдан аввал коронавирусга тест топширишган. Лаборатория таҳлили натижаларидан сўнг уларга тегишли маълумотнома берилган. Шундан сўнг, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш ва қатнов давомида нималарга эътибор бериш лозимлиги юзасидан кўрсатмалар берилди.

Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

Ҳозирда Самара вилоятида минглаб ўзбекистонлик муҳожирлар тўпланиб турибди. Улар бир неча ойдан бери Ватанга қайтиш учун навбатда туришибди. Чегара олди ҳудудида муҳожирларнинг чодирларидан иборат улкан лагер шаклланганини кўриш мумкин.


Теги :
Jamiyat