$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонлик ишчилар “Газпром”ни остин-устун қилишди. Ўзбекистон ТИВ ҳолат бўйича муносабат билдирди

Кеча, 13 июль куни Россиянинг Амур вилоятида “Газпром” газни қайта иловчи заводи қурилишида иштирок этаётган пудратчи ташкилотлардан бири, турк компанияси “Renaissance Heavy Industries”га қарашли вахта шаҳарчасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари иштирокида тартибсизлик юзага келди.

Маълум бўлишича, ишчилар қарийб уч ойдан буён маош ололмай келишган. Оқибатда улар орасида норозилик кучайиб, оммавий тартибсизликка айланиб кетган.

Ишчилар раҳбарият биносига бостириб кириб, офисни остин-устун қилишган. Компания матбуот хизмати “тартибсизлик ишчилар ва раҳбарият ўртасидаги молиявий келишмовчилик туфайли келиб чиққани”ни билдирмоқда.

Оммавий тартибсизликларда “Renaissance Heavy Industries” нинг таҳминан 13,5 минг ишчисидан 300 нафари иштироқ этган. Ҳодиса маҳсус қуролли отряд (ОМОН) кучи билан бостирилган. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ушбу вазият бўйича ахборот берди. Унда келтирилишича, элчихона Амур вилояти Свободный туманидаги «Renaissance Heavy Industries» компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида юз берган ҳодисани назоратга олган.

Хабарга кўра, мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.

Элчихона Бош консули бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига етиб борган.

“Элчихона россиялик ҳамкорлар билан биргаликда можарони келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш, муаммонинг барча томонлар учун мақбул бўлган ечимни топиш бўйича иш жараёни ва натижалари ҳақида қўшимча ахборот беради”, дейилади хабарда.