$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

АҚШ айблови: Хитой Россияга хизмат қилмоқдами?!

Rossiya

Мана бир неча кунлардан буён давом этиб келаётган қирғинбаротда бутун дунё Россияни келишувга чорламоқда. Ҳатто Россия фуқароларининг ўзлари ҳам урушни хоҳламасликларини билдириб, митингларга чиқмоқда. Ҳамма шу воқеалар билан оввора бўлиб турган бир вақтда АҚШ Хитойни "нишон"га олди. Бу ҳақида BBC News хабар бермоқда.

АҚШ ҳукуматининг фикрича, Хитой Москва томонда эканлигини очиқ кўрсатмасликни истамоқда. Бироқ ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин у ерда содир бўлаётган воқеаларни "босқин" деб аташдан бош тортмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Пекин вазиятдан хабардор бўлган ва атайлаб кўз юмган. "New-York Times" газетасининг номаълум америкалик расмийларга таяниб хабар беришича, АҚШ ўтган ойларда Хитойни аралашишга ва Россияни Украинага бостириб кирмасликка чақирган. Бироқ, ҳисоботда қўшимча қилинишича, расмийлар кейинроқ Пекин бу маълумотни Москва билан бўлишиб, АҚШ нифоқ солишга уринаётганини ва Хитой Россиянинг режаларига тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини айтган.

Иккинчи томондан эса Пекин Украина билан ҳам алоқаларининг ёмонлашишини истамайди. Чунки Украинанинг биринчи рақамли савдо шериги Хитойдир. Бошқа тарафдан қарайдиган бўлсак, Хитой раҳбарларининг ўзига хос тийиқлигининг яна бир сабаби, улар доимий равишда бошқаларнинг ички ишларига аралашмайди ва бошқаларнинг ўз ишларига аралашишларини истамайди. Шунингдек, Хитойнинг расмий ахборот агентлиги ҳисобланган Синхуа ўз расмий баёнатида Хитой ҳам уруш тарафдори эмаслигини, давлатларни тинчликка чақираётганлигини айтиб ўтган.

Хўш, бу ўринда АҚШнинг айбловлари тўғримикан?! Хитой ростдан ҳам Москва тарафдорими?! Ёки бу Американинг бир томонлама пропагандасими?! Буни жараёнлар давомида кўриб, билиб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Хитойда бўлиб ўтган қишки ўйинларда шахсан Путин жанобларининг ўзи иштирок этган ва бу ҳолат дунё ОАВ си муҳокамаларига сабаб бўлган эди. Бу ҳам Америка томонидан яна бир "хизмат" белгиси сифатида баҳоланмоқда.