$
 12848.38
27.91
 13512.64
42.17
 120.07
-2.19
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Рустам Шодиев вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Рустам Шодиев вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Рустам Шодиев 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда АОКА хабар берди.

«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, таниқли олим, иқтисодиёт фанлари доктори, собиқ Меҳнат вазири ўринбосари, туризм соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган мутахассис, профессор Рустам Хамидович Шодиевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзиямизни изҳор этамиз.

Рустам Хамидович Шодиевнинг номи республикамиз илмий жамоатчилиги доирасида ҳамда таълим тизими ходимлари орасида юксак эҳтиром билан тилга олинади. 

Рустам Шодиев 1938 йил 15 майда зиёлилар оиласида туғилди. 1955 йилда Тошкент шаҳридаги 28-сонли мактабни олтин медаль билан тугаллаб, Москва давлат иқтисодиёт институтига ўқишга кирди.

У ўз меҳнат фаолиятини 1960 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси иқтисодиёт институтида лаборантликдан бошлади ва 26 йил давомида кичик илмий ходимдан то илмий ишлар буйича директор ўринбосари лавозимигача бўлган поғоналарни босиб ўтди.

1967 йилда Москва шаҳрида — номзодлик, 1981 йилда эса докторлик диссертациясини ёқлади. 1983 йилда профессор унвонини олди.

1980-1984 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) “Сурия Араб Республикасида меҳнатни ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш” номли лойиҳасига раҳбарлик қилди. Сафардан қайтгач, Меҳнат вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлади. Банк-молия академияси илмий марказига раҳбарлик қилди.

1997 йилдан 2005 йилгача — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Жаҳон иқтисодиёти” кафедраси мудири, 2005-2019 йилларда эса Тошкент давлат иқтисодиет унверситетининг “Халқаро туризм” кафедраси профессори лавозимида фаолият юритди.

У ўзбек тилида илк бор 2005 йилда ва кейинчалик қайта чоп этилган “Жаҳон иқтисодиёти” фани дарслигининг муаллифидир. 120 дан ортиқ мақолалари (улардан 18 таси хорижда) ва 4 та (биттаси инглиз тилида) йирик монографияси чоп этилган. 3 нафар фан доктори ва 30 нафар иқтисодиёт фанлари номзодини тайёрлаган. 1988 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонига сазовор бўлди, "Ўзбекистон Милий Энциклопедияси"га киритилди, Халқаро биографик марказининг (Англия) “ХХ асрнинг 2000 нафар атоқли интеллектуаллари” китобига киритилиб, ёрлиқ ва медаль билан тақдирланди. 

Рустам Шодиев ЎзФА Кибернетика иснтитутида, кейинчалик узоқ йиллар нафақага чикишига кадар Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги илмий текшириш институтутида катта илмий ходим лавозимида ишлаган. 

Рустам Хамидович Шодиевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди», — дейилмоқда таъзия хабарида.