$
 12697.00
2.04
 13547.70
38.99
 135.05
0.39
weather
+26
Кечаси   +14°

Айрим дорихоналарда Quramax компанияси олиб кирган сироп ва таблеткалар ҳамон сотилмоқда — "Юксалиш" ҳаракати

Фото: Darakchi Фото: Darakchi

Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихонада ўтказилган мониторингда аниқланишича, сотуви тақиқланган, Quramax Medical компанияси олиб кирган дорилар сотуви ҳамон давом этмоқда. Аҳоли бу дориларни юз берган фожиали ҳолатларга қарамай, аввалгидек сотиб оляпти, дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати хабарида.

26−27 январь кунлари «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати республика ҳудудларидаги дорихоналарда тақиқланган дори воситаларининг сотилишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказди. «Сирли мижоз» кўринишидаги мониторинг Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихонани қамраб олди, деб хабар бермоқда ҳаракат матбуот хизмати.

Натижада ҳудудларда дорихона ходимлари тақиқланган дори воситалари сотилмаслиги ҳақида хабардор қилингани маълум бўлди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш жамиятлари федерацияси, патронаж хизматлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, сотувдан чиқарилган дори воситалари рўйхати тарқатилмоқда. Аксарият дорихоналарда эса тақиқланган дори воситалари сотувдан олиб қўйилган, бироқ омборларда ҳамон сақланмоқда.

Мониторингда айрим дорихоналарда сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда мавжуд. Хусусан, Қашқадарё вилояти ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган [Quramax Medical компанияси олиб кирган] «Нолгрипп Жуниор» йўталга қарши сиропи, «Травамакс», «Нолгрипп» ва «Цинепар» таблеткалари ва пастилларини ҳали ҳам харид қилиш мумкин. Аҳоли ушбу дори-дармонларни юз берган фожиали ҳолатлар, соғлиқ ва ҳаёт учун эҳтимолий хавфларга қарамай, аввалгидек сотиб олаётгани аниқланди, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан ҳаракат қуйидагиларга чақирди:

аҳоли, айниқса, чекка қишлоқлар, поликлиникалар ўртасида кенг тушунтириш ишларини ўтказиш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган дори воситалари рўйхатини барча дорихоналарнинг кўринадиган жойига жойлаштириш;

вазирлик томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган, лекин омборларда сақланаётган барча дориларни, тадбиркорларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиққан ҳолда йўқ қилинишини таъминлаш.

30 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган барча дори-дармонлар савдоси тўхтатилган ва рўйхат эълон қилинган.

Мониторинг натижалари бўйича материаллар (дорихоналар манзиллари, чеклар) чора кўрилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тақдим этилди.

Маълумот учун, 13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Quramax Mediсal МЧЖга берилган лицензия бекор қилинган ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти январь ойида дори ишлаб чиқарувчиларни хомашё ва тайёрлаш жараёни сифатини назорат қилишни кучайтириш, ҳукуматларни бозорларда сифатсиз ва қалбаки дори воситалари устидан назоратни кучайтиришга чақирган. «Док-1 Макс» сиропи Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган.

Аввалроқ ССВ Бухоро вилоятида «Цинепар» сиропини ичган 23 нафар бола вафот этгани ҳақидаги хабарлар ёлғон эканини маълум қилганди. Шунингдек, фуқаролардан шифокор кўрсатмасисиз, ўзбошимчалик билан дори ичмаслик сўралди.