$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Тошкентда қор тозалаш ишларига декабрь ойидаги вазиятдан кўра кўпроқ техника ва одамлар жалб қилиняпти

Фото: Миролим Исажонов / «Газета.uz» Фото: Миролим Исажонов / «Газета.uz»

Қорли Тошкент кўчаларини тозалашга декабрь ойидаги вазиятга қараганда кўпроқ техника (200 дан ортиқ) ва ободонлаштириш хизмати ходимлари (6 мингга яқин) жалб қилинган. Кечаси асосий кўчалар қордан тозаланди ва қум-туз аралашмаси сепиб чиқилди.

Тошкентда 9 январнинг тунги вақтидан бери кучли қор ёғмоқда. Бу сафар кўчаларни тозалашга аввалги сафардан кўра кўпроқ техника ва одамлар жалб этилди, дея «Газета.uz»га пойтахт Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Рустам Юсупов маълум қилди.

Кўчаларни тозалашга Ободонлаштириш бош бошқармаси (ОББ) ҳамда Марказий кўчалардан фойдаланиш, сақлаш ва таъмирлаш бўйича ихтисослашган бошқарма масъул қилиб белгиланган.

Ҳаммаси бўлиб 200 дан ортиқ техника, жумладан, қор тозалаш машиналари (60 дона), цилиндрсимон чўтка ва роликлар билан жиҳозланган самосваллар (80 дона), кўчаларни қум-туз аралашмаси билан тозалаш ва сепиш учун махсус автомашиналар (53), аралашма юклагичлар (10 дан ортиқ) жалб қилинган.

Музлаган юзаларда сирпаниб кетмаслик ва уни эритиш учун қум ва туз аралашмаси ишлатилмоқда. Шаҳарда кучли ёғингарчилик бўлса, кунига тахминан 2500 тонна, қорли кунларда — 1000−1500 тонна аралашма ишлатилади.

Омборхоналарда 13 минг тонна аралашма бўлиб, туман ободонлаштириш бўлимлари ўртасида тақсимланган, — деди Рустам Юсупов.

Қўшимча қилинишича, аёзли кунларда туман ободонлаштириш бўлимларининг 4000 дан 6000 нафаргача ходимлари йўлакларни тозаламоқда.

Бироқ пиёдалар йўлакларининг кўп қисми қор ва муз билан қопланган. Улар биноларнинг биринчи қаватларида жойлашган ташкилотлар ходимлари томонидан тозаланади.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қаттиқ совуқ кунларида шаҳар хизматларининг ишлаши бўйича кўрсатмалар бергани ҳақида ёзгандик. Хусусан, асосий фаолиятдан чалғитадиган йиғилишлар ўтказиш тақиқланган. Кўчаларни зудлик билан қордан тозалаш керак. Жамоат транспортидан фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши лозим, деб белгиланган.