$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Кутилмаган янгилик: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини рад этди

qonun palata

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таклиф этилган қонун лойиҳаси

Таклиф этилаётган ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартириш киритилиб, жисмоний ва юридик шахсга тегишли бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган тақдирда, транспорт воситаларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланиш ҳуқуқини олган, ҳамда ушбу транспорт воситаларидан фойдаланаётган шахсларнинг ўзлари маъмурий жавобгарликка тортилишини белгилаш назарда тутилиши режа қилинган.

Лойиҳа мазмуни

Аниқроқ қилиб айтганда, таклиф этилаётган лойиҳага кўра, энди йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори эмас, транспорт воситасини амалда бошқарган шахс (ижарага берилган шахслар, яқин қариндошлар ва бошқа шахслар) жавобгарликка тортилиши кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси рад этилди

Мажлисда қонун лойиҳасидаги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланган шахс тортилишига оид норма қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиб, масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш таклиф этилган. Бироқ депутатлар томонидан ушбу нормага доир турли фикрлар билдирилиб, коррупция ҳолатлари келиб чиқиши мумкинлиги қайд этилган. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилиб, етарли овоз тўпламаганлиги туфайли рад этилади. Қизиқарлиси, одатда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида қонун лойиҳалари, деярли, рад этилмас эди. Баъзида мажлис қатнашчиларига маъқул келмаган лойиҳалар қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилиши учун масъул қўмитага қайтарилар эди.