$
 12620.09
19.95
 13599.41
-42.76
 136.73
0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Қашқадарёда кўплаб маданий мерос объектларига зарар етказилди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар


Қашқадарё вилоятида жойлашган маданий мерос объектларининг бир қисмига турли ташкилотлар ва фуқаролар томонидан зарар етказилган. Бошқалари эса эътиборсизлик туфайли авария ҳолатига келиб қолган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, прокуратура томонидан Қашқадарё вилоятидаги маданий мерос объектлари ўрганилганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, 18 та маданий мерос объектида ноқонуний қурилмалар қурилган ва ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишлари ўтказилган.

Масалан, Яккабоғ туманидаги XII асрга оид Гумбаз масжидининг ички деворлари реставрация қоидаларига зид равишда таъмирланган. Касби туманидаги XIV асрда бунёд қилинган Катлас масжиди деворларига тақаб девор қурилиб, зарар етказилган.

Шунингдек, маданий мерос объектларининг 382 таси ёки 26 фоизида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган. Яккабоғ туманидаги XII-XIV асрларга оид Ёдгор Валламин мадрасаси ёки Касби туманидаги XIV асрда қурилган Катта Сардоба ёдгорликлари шулар жумласидан.

Текширувларда, вилоятдаги 35 та тарихий объект таъмирталаб, авария ҳолатига келиб қолгани, 10 та маданий мерос объектидан ноқонуний фойдаланиб келингани, 5 тасига ноқонуний равишда реклама баннерлари ўрнатилгани аниқланган.

Бундан ташқари, туристлар ташриф буюрадиган 58 та маданий мерос объектида ёнғин хавфсизлиги, 49 тасида санитария қоидалари талаблари бузилган.

Қайд этилишича, қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилган.

Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида жами 1 468 та тарихий объект жойлашган. Бугун уларнинг аксарияти эътибордан четда қолиб келмоқда.