$
 12711.00
21.0
 13538.49
12.22
 136.31
0.36
weather
+26
Кечаси   +14°

Шавкат Мирзиёев: “Терговчилар малакаси мутлақо талабга жавоб бермайди”. Ўзбекистонда тергов институти ташкил этилади

Мирзиёев селектор

Президент Шавкат Мирзиёев одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда терговчилар малакаси ва тергов жараёнлари сифатидан қониқмаслиги ҳақида гапирди.

Президенга кўра, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар шахс судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.

Терговчилик институтини ташкил этиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жалб этиш ҳақида фикр билдирар экан: “Тергов идоралари нечанчи йилдаги услублар билан ишлаяпти? Қандай технологиядан фойдаланаяпти? Шиддатли ривожланиш жараёнларига уларни қандай тайёрлаяпмиз, деган мураккаб саволларга жавоб топиш лозим” – деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлат раҳбари қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган жиноят турлари мавжудлиги тушунмовчиликларга сабаб бўлиб келаётганига эътибор қаратиб, бундан буён тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши кераклигини билдирди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, лекин ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган.