$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

Шавкат Мирзиёевнинг янги ҳафтадаги иш жадвали маълум

Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати

Жорий ҳафта давлат раҳбари иштирокларида кўплаб учрашув, муҳокама ва тадбирлар бўлиб ўтади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Қайд этилишича, бугун, 31 октябр куни эрталаб президентга қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бу борада иссиқхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласида ҳисобот берди.

Кун иккинчи ярмида ҳудуд ва тармоқларда энергия тежамкорлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан соҳа мутасадди раҳбарлари иштирокида тақдимот режалаштирилган.

Шунингдек, ҳафта давомида иқтисодиёт тармоқларига берилаётган имтиёзлар самарадорлигини ўрганиш натижалари юзасидан муҳокама, маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш юзасидан кенгайтирилган мажлис ва одил судловни таъминлаш ҳамда суд ислоҳотларини янада такомиллаштириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимотлар ўтказиш кўзда тутилган.

1 ноябрь куни президент Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилади. Учрашувда икки томонлама муносабатлар истиқболи, савдо-иқтисодий, энергетика йўналишидаги ҳамкорлик муҳокама қилинади ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилади.

3 ноябрь куни эса давлат раҳбарининг БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий билан учрашувлари режалаштирилган.