$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўлим, умрбод кўрлик ё карлик – лаҳзалик қувончнинг оғир бадали

pirotexnika

 Янги йил арафасида дилхираликка сабаб бўлувчи бир ҳолат бор. Бу — пақилдоқлар муаммоси. Айни пайтда “қорабозор”да шовқини ва жазбасига қараб 50 минг сўмдан 1 миллион сўмгача нархланаётган мушакларнинг савдоси чаққонлашиб бормоқда.

Аллақачон кўча-кўй, тураржойлар атрофи ва бошқа жамоат жойларида «пақилдоқ»лар қулоқни қоматга келтира бошлади.

Қонуний тақиқларни четлаб ўтиб, бундай матоҳларни яширинча пуллаётганларни жондан азиз фарзандларимиз саломатлиги ташвишга солмаслиги табиий. 

Аммо бундай маҳсулотлар харидори бўлган болалар саломатлигига нега ота-оналар, кенг жамоатчилик бефарқ? 

Ҳар қиш фаслида қаршимиздан чиқаверади.

Яна бир бор огоҳлантириш

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов пақилдоқларнинг саломатлик ва ҳаёт учун хавфли жиҳатлари хусусида яна бир бор огоҳлантирди. 

 «Бу мавзуга такрор-такрор тўхталамиз, пақилдоқларнинг саломатлик ва ҳаёт учун хавфли жиҳатлари хусусида чиқишлар қиламиз. Лекин, афсуски, бу муаммо ҳар қиш фаслида қаршимиздан чиқаверади. 

Мана, ўтган мавсумда янги йил арафаси ва байрамдан кейинги кунларда пиротехника воситаларидан олинган жароҳатлар туфайли марказимиз ҳамда унинг ҳудудий филиалларига ўнлаб оғир аҳволдаги беморлар мурожаат қилди.

50 фоизи узоқ даволанишга мажбур

Энг ёмони, улардан 50 фоизи шифохонада узоқ ётиб даволанишига тўғри келди. Ҳатто баъзилари ҳануз асоратлардан азият чекмоқда.

 Чунки бундай воситаларнинг бехосдан қаттиқ пақиллаши кишиларни чўчитиб, юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. 

Фожиали ўлим билан якун топиши мумкин

Ушбу ҳолат фожиали ўлим билан ҳам якун топиши мумкин:

  • Юз, кўз, қўл соҳаларида оғир куйиш жароҳатлари; 
  • кўзлар шикастланиши ва кўриш фаолияти қисман ёки бутунлай бузилиши; 
  • жароҳат асорати билан боғлиқ пластик операцияларга муҳтожлик, куйган соҳаларда дағал чандиқлар; 
  • қўл бармоқлари соҳаларида контрактуралар ҳосил бўлиши пақилдоқ ва салютларнинг салбий оқибатларидир. 

Умрбод қулоқ шанғиллаши касаллиги

Қолаверса, пиротехника воситалари шовқинидан қаттиқ қўрқиш туфайли руҳий бузилиш, сурункали асаб ва қон-томир тизими касалликлари, қандли диабет, ҳомилага зиён етиши эҳтимоли юқори.

Яқин масофада пиротехника пақиллашидан инсон баротравма ва акустик жароҳатлар олиб, карлик ёки умрбод қулоқ шанғиллаши (тиннитус) касаллигига йўлиқиши мумкин». 

Бутунлай кўр бўлиб қолиш мумкин

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов эса пақилдоқлар сабаб бутунлай кўр бўлиб қолиш мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Ҳар йили Янги йил арафасида ва байрамдан кейинги кунларда «пақилдоқ» ва салютлардан олинган жароҳатлар туфайли биргина бизнинг шифохонамизга юзга яқин оғир аҳволдаги беморлар мурожаат қилади.

Юз, қўл соҳаларида оғир куйиш, кўзлар шикастланиши ва кўриш фаолияти қисман ёки бутунлай бузилиши кузатиладиган бундай болалар, афсуски, тегишли муолажалардан кейин ҳам қатор асоратлардан азият чекмоқда.

Ҳатто беморлардан бир қисми лаҳзалик завқ учун умрбод ногиронликка маҳкум бўляпти. 

Кўзнинг пиротехника воситалари таъсирида куйиши бир неча даражага бўлинади:

I даража (енгил куйиш)да кўз териси ва шиллиқ қавати қизариши, шишиши, эрозияланган юзалар шох пардада пайдо бўлиши кузатилади. Бу аломатлар кўриш қобилиятининг пасайишига олиб келади.

II даража (ўртача куйиш)да кўз шох пардаси ва конъюнктивасида пуфакчалар ҳамда шох парда юзасида хиралашиш пайдо бўлади .

III даража (оғир куйиш)да шох парданинг чуқур хиралашиши, қовоқлар некрози юз беради.

IV даража (ўта оғир куйиш) барча кўз тўқималарининг чуқур некрози билан кечади. 

Тақиқланган, аммо пақиллайверади

 Қонунчиликка кўра, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ёки ўтказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 1 млн 700 минг сўмдан 6 млн 800 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади. 

Бироқ янги йил яқинлашиши биланоқ бутун Ўзбекистон «портлайди». 

Кўриб турганингиздек, пиротехника воситаларини юртимизга олиб кириш қонунчиликда таъқиқланган.