$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Пенсияга қандай тайёргарлик кўриш мумкин?

pensiya daftarchasi

Пенсияни режалаштириш, бу — мунтазам кўриб чиқишни талаб қиладиган ҳамда фуқаролар ўзларига қулай ва молиявий барқарор кексаликни таъминлаш учун имкон қадар эрта ҳаракатни бошлашлари керак бўлган жараёндир.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бош мутахассиси Бахриддин Зиятов пенсияни режалаштиришга ёрдам берадиган стратегияларга эътибор қаратди.

Иш стажи, ойлик камлиги...

Яъни бугунги кунда кўпчилик фуқаролар ўз келажакларига эътиборсиз қараб, пенсия ёшига етганда афсусланиб қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу иш стажининг талаб қилинган даражада етишмаслиги, ойлик маош миқдорларининг камлиги ва ҳоказолар билан изоҳланади.

Пенсияни режалаштириш молиявий режалаштиришнинг асосий жиҳати ҳисобланади. Бу фуқароларга нафақат кексаликда молиявий ёрдам беради, балки келажакка ҳам ишонч бағишлайди. 

Хўш, пенсияни қандай самарали режалаштириш мумкин? Бунда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Биринчидан, фуқаролар доимий иш стажига эга бўлиш учун расмий даромад келтирадиган корхона, ташкилот ёки муассасаларда меҳнат шартномасига асосан фаолият юритиши керак.

Иккинчидан, норасмий равишда меҳнат фаолияти юритаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган ҳолда мунтазам равишда ижтимоий солиқларни тўлаш орқали иш стажига эга бўлиб бориши лозим.

Учинчидан, пенсия қонунчилигига оид маълумотлар билан мунтазам равишда танишиб бориш, киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалардан хабардор бўлиб бориш зарур.

Тўртинчидан, расмий равишда олаётган иш ҳақига эътибор қаратиш керак. Бунда, пенсия ёшига етгунга қадар охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги ойлик иш ҳақларидан пенсия ҳисобланишини инобатга олиш муҳим.

Бешинчидан, рақамлаштириш даврида яшаётганимизни ҳисобга олиб, фуқаролар ўз иш берувчиларидан ўзларининг иш стажи тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштиришни талаб қилишлари, меҳнат фаолияти юритмаётган фуқаролар эса Бандлик бўлимларига меҳнат дафтарчаларидаги маълумотларини рақамлаштиришни сўраб мурожаат қилишлари лозим. Бунда, улар ўзларининг маълумотларини ОнеИД орқали кўришлари мумкин.

Юқоридаги маълумотлар асосида фуқаролар ўз меҳнат фаолиятларини олиб борган тақдирларида пенсия ёшига етганда уларнинг қилган меҳнатлари эвазига давлат томонидан молиявий таъминот кафолатланади.