$
 12640.21
-49.76
 13559.15
1.19
 137.02
-0.18
weather
+26
Кечаси   +14°

Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилди

Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилди

Президент Шавкат Мирзиёев Токио Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув чоғида кўп йиллар давомида спорт гимнастикаси билан шуғулланиб, халқаро миқёсда шуҳрат қозонган ажойиб спортчи – Оксана Чусовитинанинг хизматларини алоҳида ҳурмат билан тилга олиб унга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони бериганини маълум қилди.

Чусовитинанинг илк Олимпиадаси 1992 йилда Барселона шаҳрида ўтган. Ўшандан буён у Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини узлуксиз ва кетма-кет саккиз марта қўлга киритди. Бу жаҳон спортида ҳақиқатдан бетакрор ҳолат бўлиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

"Ҳаётини спортга, бундай йирик мусобақада муваффақиятга эришишдек мақсадга бағишлаш учун зўр ирода ва фидойилик керак, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бундай афсонавий спортчимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг мардлиги, ғалабага бўлган қатъий интилиши ёш спортчиларимиз учун муваффақият ва шуҳрат қозонишнинг ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда", – таъкидлади Президент.

Президентимиз Оксана Чусовитина мураббийлик фаолиятини муваффақиятли олиб бориб, спорт гимнастикаси бўйича янги чемпионларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишига умид билдирди.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитлар яратишга топшириқ берилди.

"Ҳурматли Оксана Александровна, Ватанимизга бўлган меҳрингиз ва садоқатингиз, спортдаги фидойилигингиз, букилмас ирода ва матонатингиз учун сизга яна бир бор катта миннатдорчилик билдираман", - деди Шавкат Мирзиёев.