$
 12780.09
5.75
 13889.40
40.74
 131.67
-0.5
weather
+26
Кечаси   +14°

“Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонунни Сенат аъзолари маъқуллади

 “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонунни Сенат аъзолари маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилиб, Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.

Қонунда биринчи навбатда психоактив моддаларнинг тарқалишига ва нотиббий истеъмол қилинишига, шу жумладан алкоголни суиистеъмол қилиш сабаблари ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ижтимоий, маърифий ҳамда тиббий-психологик тадбирлар комплексини амалга ошириш кўзда тутилган.

Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари наркологик касалликларга чалинган, шу жумладан, ғайриижтимоий хулқ-атворга мойил шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширишда ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига кўмаклашиши белгиланган.

Шунингдек,Қонунда наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарор унинг яшаш жойидаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан йигирма кунлик муддатда, ушбу шахс ҳозирлигида қабул қилиниши кўрсатиб қўйилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти, меҳнат органлари даволаниб чиққанларни ишга жойлаштириш ҳамда маиший турмушга мослашишида кўмаклашиш ҳуқуқий мустаҳкамланди.

Қонунга кўра, давлат амбулатория ва стационар шароитларда бундай беморларга маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитациявий, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

Наркология диспансерлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, мамлакатнинг йирик шаҳарларида республика, вилоят, шаҳар ёки туманлараро даражада мустақил даволаш-профилактика муассасалари сифатида ташкил этилиши, қолаверса, амбулатория шароитларидаги наркологик ёрдам туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилган наркология кабинетлари томонидан кўрсатилиши белгиланган.