$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Номофобия — бизнинг бош қўрқувимиз

smartfon nomofobiya

Ҳаёт учун зарур бўлган учта элементни биламиз: ҳаво, сув ва овқат. Тез орада инсон яшаши учун зарур бўлган бу уч элемент ёнига телефонларимизни ҳам қўшсак, ажаб эмас. Негаки, смартфонлар аллақачон ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. 

Бирор нарса ҳақида билмоқчимисиз? Googleга кирамиз. Бирор нарсани ҳисоблаш керакми, марҳамат, калкулятор. Бирор жойга бориш керак бўлса ва у манзилни билмасак ҳам қўрқишга ҳожат йўқ. Ахир смартфонимизда бутун дунёни беш қўлидай биладиган харита бор-ку! Telegram'да дўстлар билан суҳбатлашиш, ижтимоий тармоқларда “сузиш”, мусиқа тинглаш, фильмлар томоша қилиш, болалар учун овунтириш воситаси, ҳаттоки ухлаганда ҳам ёстиғимиз тагида туради… Телефонда қиладиган ишимиз бўлмаса ҳам шунчаки унинг ёниқ экранига термилиб ўтирамиз. 

Ҳаммамиз касалмиз

Шундай қилиб, ўртача фойдаланувчи ўз смартфонини кунига 150 марта очади. Бу эса асрнинг янги касалликларидан биридир, демакки, ҳаммамиз касалмиз. 

Номофобия – аср вабоси 

Бугун кўпчилик “Номофобия” касалига йўлиққан. Номофобия сўзи – (Nomophobia – no mobile phone phobia) инглизчадан олинган бўлиб, ўз телефонидан узоқлашишдан қўрқиш маъносини беради. Фобия, яъни қўрқув касалликларининг оммабоп тури. 

Даволаш мумкин бўлган хасталиклардан ҳам хавотирлироқ бу янги касаллик аср вабоси деб тан олинган. 

Гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг

Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб тан олишмоқда. Шунинг учун дунёнинг кўплаб давлатларида бу касалликни аниқлаш ва даволаш устида аллақачон ишлар олиб борилмоқда. 

Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилади. Гаджетлар шу даражада оммалашдики, кичик ёшдаги болалар ҳам ота-онасининг телефонидан чексиз равишда фойдаланмоқда.

Аҳолининг 51 фоизи номофоб

Саудия Арабистони ва Иорданияда ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, бу икки давлат аҳолисининг 51 фоизидан ортиқроғида телефонга қарамлик ташхиси қўйилди. 

5191 киши иштирок этган сўровноманинг 26 фоизида иштирокчилар телефонсиз қолиш қўрқуви билан яшаётганини ва бундан даволаниш истагини айтишган. 

Буюк Британияда 53 фоиз

Буюк Британияда эса аҳолининг 53 фоизи номофобиядан азият чекишади. Бразилияда бу тадқиқот ўтказилганда иштирокчиларнинг 68 фоизида смартфонларга қарамлик аниқланган. 

Натижалар аёлларга нисбатан эркакларда мобил телефонларга боғланиб қолиш ва номофобия хавфи юқорироқ эканлигини исботлаган.  

Кунига ўртача 4 соат

Бразилияда яқинда олиб борилган тадқиқотга кўра, ўртача одам ўйин, ижтимоий тармоқ ва бошқа иловаларга кунига 4 соат вақт сарфлайди. Бу ҳафтасига 28 соат дегани. 

Ўртача фойдаланувчи кунига телефонини 2617 мартта телефон экранидан фойдаланади. 

Сўровномага кўра 18–29 ёшли смартфонлар эгаларининг 22 фоизи ўз телефонини, соатига бир неча марта кўздан кечиради.

Юртимизда ҳам вазият яхши эмас

Дунё мамлакатларини хавотирга солаётган бу ҳолат ҳақида Ўзбекистонда ҳали бирор тадқиқот ўтказилмади. 

Статистик маълумотларга қараганда, 2022 йилнинг январъ ҳолатида республикамиздаги ҳар 100 та уй хўжалигига 308 та мобил телефон тўғри келиши аниқланган. Демак бизда ҳам аҳвол у қадар яхши эмас… 

Қарамлик — қурбонлик 

Бир вақтлар газета ёки китобни кўп ўқиш ҳам кўзга зарарли ҳисобланган. Лекин бугунги кун муаммолари олдида у ҳадиклар ўйинчоқ бўлиб қолди. 

Инсон газета ўқиганида одатда газетани 40 см масофада ушлайди. Компютерда ишлаганидан эса 60-70 см масофа сақлайди. Телефонда эса бу рақам 20-30 сантиметрга 

тушади ва хавфли тус олади. 

Болалар шапкўрлиги бир ярим баробар ортган

Сўнгги 20 йил статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, Европанинг аксарият давлатлари орасида болалар шапкўрлиги бир ярим баробар ортган. 

Кунига 274 дақиқа экранга тикилиб ўтади

Одамзот гаджетлар уммонига борган сари кўпроқ шўнғимоқда ва бунинг учун кўзларини қурбон қилишда давом этмоқда. 

Тиббиётда эталон ҳисобланувчи немис клиникаларининг сўнгги тадқиқотларига эътибор беринг.

Мамлакатдаги 50 млн нафардан ортиқ аҳоли смартфон ва гаджетларга тикилишни одат қилиб бўлган. 

Айниқса, 14-29 ёш оралиғидаги ёшлар ҳар куни (!) камида 274 минутларини мониторга тикилиб ўтказмоқдалар. Арзимас туюлиши мумкин, аммо бу бир ҳафта, ой ёки йилга кўпайтирилса, қанча муддатга айланишини билиш қийин эмас ва бу вақтнинг ҳаммаси кўзга бевосита зўриқиш беради. 

Айнан мана шу сўнгги уч йил ичида Германияда кўзойнак тақувчилар сони 1 млн. кишига ошган. 

Мияга ҳам зарар

Қарамлик қурбони нафақат кўзларимиз, балки миямиз ҳамдир. 

Хитойлик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотда смартфонларга қарам одамлар миянинг когнитив функциялар, ижодкорлик, ақлий мослашувчанлик ва маълумотни идрок этишда равонлик учун масъул бўлган камроқ фаол қисмлари борлигини аниқлади. 

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, смартфонга қарам бўлган иштирокчилар равонлик, мослашувчанлик ва фикрнинг ўзига хослиги бўйича пастроқ балл олган.