$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“Қора дайжест”: 2023 йил 30 декабрь воқеалари

12 30

Муқаддам судланган шахс яна жиноятга қўл урди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Илғор” МФЙ ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 10 гектар ер майдонини “Ўзбекистон - 2030” стратегияси 67-банди ижроси доирасида 10 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига тадбиркордан 80 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, у мазкур пул маблағидан 15 минг АҚШ долларини Оҳангарон тумани “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчисига бериши кераклиги аниқланган.

Ҳудудларда қор кўчиш хавфи эълон қилинди

Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 2023-йил 30-декабрдан 2024-йил 2-январга қадар кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди. Унга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманлари, Наманган вилояти Поп туманининг тоғли ҳудудларида яшовчи аҳолилардан ва тоғ ҳудудида дам олиш масканларидагилардан эҳтиёт чоралари кўрилиши сўралган. 

Коррупция ҳолатларига чек қўйилди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг собиқ ҳокими ва яна 2 шахс 11,1 гектар ерни расмийлаштириб бериш учун фуқародан 6 млн АҚШ доллари талаб қилган. Улар пулнинг 200 минг долларини олаётган вақтда ушланди. Шунингдек, Тошкент, Андижон ва Навоий вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

Иш вақтида сигарет чеккан автобус ҳайдовчиси ишдан олинди

“18-автобус саройи” филиали тасарруфидаги 87-сонли йўналишда ҳаракатланувчи Ютонг автобус ҳайдовчиси И.А. иш вақтида сигарет чекиши оқибатида ишдан бўшатилди.

Компания автобус саройларида фаолият олиб бораётган ҳар бир ҳайдовчига корхонанинг ички меҳнат тартибига амал қилиш, шунингдек, ҳаракат вақтида уяли алоқа телефонидан фойдаланмаслик ва тамаки маҳсулотини истеъмол қилмаслик бўйича йўриқнома ўтказган ва улардан талабларга риоя этиши юзасидан кафолат хати олган.

Ушбу кафолат хатига асосида ички тартиб қоидаларни бузгани учун ҳайдовчига нисбатан филиал раҳбарияти томонидан қатъий чора кўрилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.