$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“Қора дайжест”: 2023 йил 23 декабрь воқеалари

12 23 2

Авиарейслар кўчирилди

Фарғона водийсида об-ҳаво шароити туфайли айрим рейсларга чекловлар жорий этилди. Uzbekistan Airways хабарига кўра, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида HY9801/9802 Наманган – Перм – Наманган, HY9805/9806 Наманган – Самара – Наманган йўналишлари ўзгартирилган жадвал бўйича Тошкент халқаро аэропорти орқали амалга оширилади.

Маълум қилинишича, рейслар вақти ўзгартирилган йўловчилар жарима тўловларисиз чипталарни кейинги учиш саналарига қайта брон қилиш ёки чипта учун тўланган пул миқдори тўлиқ қайтариб олиш ҳуқуқига эга. 

Қора бизнесга чек қўйилди

Қарши шаҳрида яшовчи фуқаролардан бирининг хонадони кўздан кечирилганда уй ертўласида ҳар хил турдаги пиротехника воситалари ва тамаки маҳсулотларини сақлаб келинаётганлиги аниқланди.

Мазкур яшаш хонадонида гувоҳлар иштирокида пиротехника воситалари ва тамаки маҳсулотлари тўлиқ саноқдан ўтказилганда чет элда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, тахминий қиймати 105 230 000 сўмлик пиротехника ва тамаки маҳсулотлари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб, вақтинча сақловга олинди. 

“Свет” муаммоси энди Самарқандда

Энергетика вазирлигининг хабар беришича, Самарқанд шаҳри ва туманининг айрим ҳудудларидаги истеъмолчиларнинг электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилмоқда. Соат 12:00 да Самарқанд вилоятидаги 110 кВ “Л-Ғарбий-1, 2” электр узатиш тармоқларида носозлик юзага келган. Бунинг натижасида Самарқанд тумани ва Самарқанд шаҳрининг айрим ҳудудларидаги 16000 та истеъмолчилар қисман электр таъминотидан узилган.

Хабарга кўра, Ҳозирги вақтда ушбу носозлик “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалининг махсус бригадалари томонидан бартараф этилмоқда. 

Тошкент вилоятида АГТКШнинг ноқонуний фаолияти аниқланди 

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва газ таъминоти корхонаси мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида ўтказилган назорат тадбирларида Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “B.E.G.700” МЧЖга қарашли АГТКШ томонидан газнинг ҳақиқий сарфини камайтириб кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборига ташқи таъсир кўрсатган ҳолда унинг схемалари ўзгартирилганлиги маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур АГТКШ томонидан давлат манфаатларига жами 1 млрд 258 млн сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.