$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон Қозоғистондан нефт импортини оширмоқчи

Фото: Eric Gay / AP Фото: Eric Gay / AP

2023 йилда Қозоғистон Ўзбекистонга 300 минг тонна нефт ва нефт маҳсулотларини етказиб беради. Бу бензин нархи арзонлашига олиб келиши мумкинми? 

Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки мамлакат Энергетика вазирликлари ҳамда компаниялари ўртасида қатор келишувларга эришилди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, 2023 йилда Қозоғистон Ўзбекистонга 300 минг тонна нефт ва нефт маҳсулотларини етказиб беради. Қиймати 150 млн долларлик келишув доирасида нефт етказиб бериш ҳажмини йилига 3 миллион тоннага етказиш бўйича ишлар олиб борилади. Бу борадаги ҳужжат “Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаев ва “КазМунайГаз” раиси Магзум Мирзагалиев томонидан имзоланди.

Шунингдек, 2023 йилда Россиянинг 300 минг тонна нефти Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит қилинади, бу борада қиймати 9 млн долларлик келишувга эришилган.

Ижтимоий тармоқларда эса Қозоғистондан 300 минг тонна нефт импорт қилиниши бензин нархини 4000 сўмга тушириши ҳақидаги хабарлар тарқалди. «Ўзбекнефтгаз» матбуот котиби Сиёвуш Тўрахўжаев Kun.uz'га берган изоҳида ижтимоий тармоқларда бу хабар нотўғри талқин қилинаётганини айтди. 

«Биз Қозоғистондан тайёр бензин эмас, хомашё (нефт) оламиз. Албатта, хомашёни олганимиз манфаатли. Ундан бензиндан ташқари бошқа маҳсулотлар ҳам олинади, бизга анча арзонга тушади. Шартнома бўйича 300 минг тоннага яқин нефт ва нефт маҳсулотларини оламиз. Логистика, ишлаб чиқариш харажатлари бор, шундан кейин, 2023 йилнинг биринчи чорагида бензиннинг якуний нархи аниқ бўлади», – деди у. 

Тўрахўжаевнинг айтишича, келаётган ҳафтада Ўзбекистон расмийлари Қозоғистонга бориб шартнома имзолаши кутилмоқда. У 2023 йилнинг март ойигача бензин нархи ҳозирги нархда сақланиб туришини қўшимча қилди (13 декабрдан Тошкентдаги «Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмдан 5700 сўмга туширилганди).

«Мартдан кейин олиб келинган нефтни қайта ишлаш харажатлари аниқ бўлади. Бензин биржага чиқарилади ва нархни биржа белгилайди», – деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 4 декабридан бошлаб Тошкент шаҳрида метан шохобчалар вақтинча ёпилди. Бунга аҳоли истеъмол қиладиган ва иситиш тизимида фойдаланиладиган табиий газ босими пасайиб кетгани сабаб бўлди.

Бундан аввалроқ, Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда барча енгил автомобиллардан газ ечилиб, бензин нархи 4300 сўмга тушиши ҳақидаги хабарларни рад этганди.