$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Наманганда вилоят ҳокимининг хизмат машинасида 5 ёшли бола уриб юборилгани аниқланди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Жабрланувчи йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жиддий жароҳатланмагани айтилмоқда.

Қайд этилишича, воқеа 7 октябрь куни содир бўлган. Наманган вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Toyota Land Cruiser русумли автомашина (давлат рақами 50 010 DAV) Наманган-Уйчи-Учқўрғон йўлининг 8-километрида йўлни кесиб ўтаётган, 2017 йилда туғилган фуқарони туртиб юборган.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, болакай зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Тиббий текширувлар натижасида жабрланувчида жиддий шикастланиш аниқланмагани, фақатгина юз соҳасида шилиниш бўлгани, қўшимча даволаниш талаб этилмаслиги айтилмоқда.

Болага шифохонада тез тиббий ёрдам кўрсатилган. “Ҳозирда йўловчининг аҳволи яхши ва ўзининг уйида одатдаги ҳаётий фаолиятини давом эттирмоқда”, дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.

Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаси бўйича барча ҳужжатлар ИИБ томонидан расмийлаштирилган. Бироқ ушбу ЙТҲ ҳақида шу пайтгача на ИИВ, ЙҲХБ ва на вилоят ИИБ, ЙҲХБ томонидан расмий хабар берилган.

Вилоят ИИБ, ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Эркин Сатторов Daryo.uz нашри мухбири билан мулоқотда жамоатчиликдан сир тутилган ҳодиса чиндан рўй берганини тасдиқлаган, бироқ ЙТҲ тафсилотларини очиқлай олмаслигини маълум қилган.

“Ҳа, воқеа содир бўлган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати воқеа ҳақида батафсил маълумот беришини билдирган. Шу боис биз бу ҳақда ахборот бермадик. Ҳозир ҳам сизга воқеа тафсилотларини очиқлай олмайман”, – дея таъкидлаган мутасадди.

Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби Фарҳод Мамадалиев Daryo.uz’га берган интервьюсида ЙТҲ вақтида Шавкат Абдураззоқов машинада бўлмаганини билдирган.

“Ҳолатдан батафсил хабарим йўқ. Воқеа вилоятнинг Уйчи тумани йўлида содир бўлган. Менга берилган маълумотга кўра, автомобиль йўловчига секин урилган. Шу заҳоти ҳайдовчи уни шифохонага олиб борган ва тўлиқ текширувдан ўтказган. Йўловчида ҳеч қандай синиш, чиқиш каби жароҳатлар кузатилмаган. Айни пайтда у соппа-соғ”, деган Фарҳод Мамадалиев.

Шу йилнинг августида Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари хизмат машинасида 49 ёшли фуқарони уриб кетгани, жабрланувчи воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган бўлса-да, тергов натижаси жамоатчиликка маълум қилинмаган.

1 июн куни Миришкор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тошкентга кетаётиб, Сирдарё вилоятида содир бўлган ЙТҲда вафот этганди.

Ўтган йили Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокимининг Captiva русумли хизмат автомашинасида 60 ёшли Шерали Жумақулов уриб юборилган, фуқаро воқеа жойида вафот этганди. Туман ҳокимлиги мазкур автомашинани янгисига алмаштиришни кўзлаган.

Вилоят ИИБ хабарида дастлабки тергов ҳаракатлари давомида хизмат автомобили туман ҳокимининг биринчи ўринбосарига бириктирилган автомашина ҳайдовчиси Раҳим Жўраевга бошқариш учун тегишли ҳужжатлар асосида топширилгани ва ҳодиса куни айнан у автомашинани бошқаргани айтилганди.