$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Намангандаги иссиқхоналарга табиий газ узлуксиз етказиб берилаётгани маълум бўлди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Наманганда табиий газдан фойдаланадиган 115 та иссиқхона фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Иссиқхоналардан 59 таси гулчиликка ихтисослашган, қолганларида эса асосан помидор ва бодринг етиштирилади. Уларнинг энг кўпи Давлатобод ва Тўрақўрғон туманлари ҳиссасига тўғри келади.

“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали мутасаддиларининг маълум қилишича, вилоятдаги табиий газдан фойдаланадиган иссиқхоналар куз-қиш мавсуми келгани сабабли бу ресурсдан узилгани йўқ. Аксинча, уларга табиий газдан самарали фойдаланиш, замонавий тежамкор қурилмалар ўрнатиш ва иккиламчи ёқилғи захираларини яратиб қўйиш юзасидан тавсиялар берилмоқда.

“Олти йилдан бери фаолият юритамиз, 16 нафар ишчимиз бор. Ҳар йили Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларга 150-200 минг долларлик помидор экспорт қиламиз. ъИссиқхоналар табиий газдан узиларканъ деган гап-сўзларни эшитиб, тушкунликка тушиб қолгандик, чунки хорижга 60 минг долларлик маҳсулот жўнатиш арафасидамиз. Кўмир нари борса икки-уч кунга яраши мумкин, барибир газнинг ўрнини босолмайди. Газдан узилмаслигимиз, давлат раҳбари даражасида кўрсатма берилгани айтилди, мутасаддилар ўзлари келиб, хавотирга ўрин йўқ эканлигини тушунтиришди. Энди бемалол ишимизни давом эттираверсак бўлади”, — дейди Тўрақўрғон туманидаги “Кўклам замини” корхонаси иш бошқарувчиси Баҳриддин Абдуллаев.

Маълумот учун, ҳозирда Намангандаги иссиқхоналарга ҳар ой ўртача 5-5,5 миллион куб табиий газ етказиб берилмоқда.