$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлашга оид ҳукумат ҳужжатлари ўзгартирилади

Фото: Kun.uz Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлашга оид қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиш муносабати билан ҳукумат айрим ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни давлат бюджети маблағларига ва бюджет ташкилотлари молиявий мажбуриятларига қаратиш тартиби тўғрисидаги низом 6-1-банд билан тўлдирилади:

Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган қуйидаги зарарларни қоплаш Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан:

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар;

давлат органлари, улар мансабдор шахслари ва хизматчилари қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суд қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарлар;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиёнлар;

турар жой инсофли эгалловчидан қонунчиликда белгиланган тартибда талаб қилиб олинишига йўл қўйилмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар амалга оширилади.

Қуйидаги мазмундаги 7-1-банд билан тўлдирилади:

Мулкий ва маънавий зарарларга оид ижро ҳужжатлари бўйича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармаларидан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида ким фойдасига тегишли маблағлар ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахслар ёхуд унинг вакиллари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этадилар.

Бунда мулкий ва маънавий зарарларга оид ижро ҳужжатларини ижро этиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.