$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

МУАММО ЕЧИМИГА КРЕАТИВ ЁНДАШУВ

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

“Ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган она юртида бой-бадавлат, бахтли-саодатли ва осуда ҳаёт кечиришга ҳақли, иш излаб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлмаслиги керак” – бу ҳақиқат Хатирчилик Мунира Ҳамроеванинг юрагига битилган. 

Мунира умрининг олти йилини Россияда сарсонгарчиликда, оғир меҳнатда бесамар ўтказди. Шу давр мобайнида икки яшар ўғли ва муштипар онаси кўзларининг оқ-у-қораси бўлган Муниранинг йўлини пойлашди. 

Оғир меҳнатни бошидан ўтказган Мунира Хатирчи туманида ишсиз аёлларни йиғиб, ўзининг “Хатирчи асл ипак гиламлари” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйди. Натижада, ҳамқишлоқ хотин-қизлардан 20 нафарининг бандлиги таъминланди.

Ўқув курсларида ўқиди, малакасини оширди. Бугунги кунда эса Мунира Ҳамроева «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг Хатирчи тумани бўлими раҳбари.

Нодавлат ташкилоти амалга ошираётган кўплаб лойиҳаларда қатнашмоқда. Шулардан бири - USAID томонидан молиялаштирилган ва Winroсk International халқаро ташкилоти томонидан амалга оширилаётган «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳасидир.

Ушбу йирик лойиҳа доирасида “Ишсиз аёлларни тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиб, ўз бизнесларини очиш ва янги иш ўринлари яратиш орқали одам савдосини олдини олиш” дастурида Мунирахон тренерлик вазифасини бажариб келяпти.

Ҳар бир тренинг аввалида ўзга юртда сарсон бўлиб, бахт ва молу дунё излаб юрганлари ҳақида ёниб гапиради. Ўзимизнинг юртимизда яратилган бор имкониятлардан фойдаланишни, айниқса, тадбиркорлик қиламан, янги иш ўринлари яратаман, деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги ҳақида, ўзининг мисолида кўрсатиб гапиради.

Ушбу лойиҳа Андижон, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад – одам савдоси қурбонлари, хориждан қайтиб келган мигрантлар, мигрантларнинг оилалари ва хавф гуруҳидаги аёллар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, уларни ахборот, бизнес ва молиявий имкониятлардан фойдаланишга ўргатиш ва шу омиллар орқали одам савдоси хавфи заифлигини олдини олишдир.  

Лойиҳа доирасида ҳозиргача мамлакатимизнинг 4 ҳудудида 300 нафардан ортиқ бенефициарлар тадбиркорлик асослари ва хавфсиз миграция бўйича семинар тренингларда иштирок этдилар. Лойиҳа доирасида инновацион стартап лойиҳаларни қўллаб қувватлаш, муваффақиятли аёллар иштирокида “менторлик” моделини синовдан ўтказиш ҳам кўзда тутилган. 

Хатирчилик оддий уй бекаси Мунирахон сингари меҳнаткаш, қатъиятли, шижоатли аёлларимиз жуда кўп. Тадбиркорлик орқасидан даромад топиб, яқинлари ёнида, фарзандининг камолини кўриб, дийдорига тўйиб, куч олиб яшаш ўзбек аёли учун энг олий бахт. Фақатгина уларга вақтида йўл йўриқ кўрсатиб, тўғри йўлга йўналтириш муҳимдир. “Тадбиркор аёл” томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа айнан шу мақсадларга хизмат қилмоқда.