$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон кўмагида қайта тикланган Мозори-Шариф халқаро аэропорти очилди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистон кўмагида реконструкция қилинган Мозори-Шариф халқаро аэропорти очилиш маросими ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, «Ўзавиация» агентлиги, «Ўзаэронавигация маркази», Uzbekistan Airports, «Ўзгидромет» вакиллари Афғонистонда Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш жараёни якунига бағишланган маросимда иштирок этди.

Афғонистоннинг Балх вилояти Мозори-Шариф шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда аэропорт фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилгани, қисқа вақт ичида аэропорт ҳафтасига 4 та маҳаллий ва 1 та халқаро ҳаво қатновига хизмат кўрсата бошлагани қайд этилди.

Техник таъминлаш йўналиши бўйича Мозори-Шариф аэродроми учиш-қўниш йўлаги қопламаси, ҳаво кемалари учун бурилиш йўлаклари ва тўхтаб туриш жойларидаги белгилар бўёғи тўлиқ янгиланган. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» томонидан ҳудуд электр ва ёруғлик-техник таъминоти замонавий талаб даражасига келтирилган.

Тадбирда аэропортнинг қурилиши тугалланган объектларини фойдаланишга топшириш ва фаолиятни тиклаш учун зарур жиҳозларни қабул қилиб олиш ҳужжати имзоланди. 

Делегация Мозори-Шарифга ташрифи аэропорт электр таъминотини бошқариш пункти очилиш маросимидаги иштироки билан давом этди. Икки томон транспорт вазирлари анъанавий рамзий қизил боғични кесганларидан сўнг йиғилганларга мазкур технология хусусида маълумот берилди.

Ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон аэропортларида фаолият юритаётган етук мутахассислар Афғонистон мазкур аэропортига жалб қилинди. Улар ёрдами билан аэропорт учиш-қўниш, бурилиш йўлаклари, ҳаво кемаси тураргоҳларидаги мавжуд нуқсонлар, камчиликлар бартараф этилди.

Учиш-қўниш йўлаги ёритиш-сигнал мосламалари ҳам таъмирланди. Аэропорт тунги пайтда ҳам, ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам парвозларни қабул қила олиш имконига эга бўлди. Куз ва қиш мавсумига тўлиқ тайёргарлик кўриш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Бу кўмак Ўзбекистон томонидан афғон халқига, Мозори-Шариф аэропортига техник воситалар етказиб бериш йўли билан амалга оширилди.