$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳаракатлар ва мақсадлар муштарак бўлиши тарафдоримиз

Фото: Uz24 Фото: Uz24

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда минглаб ишбилармонлар қаторида тадбиркор аёллар ҳам ўз билим ва иқтидорларини иқтисодиётга, кичик ва хусусий бизнес ривожига йўналтириб келмоқда. Ҳозирги вақтда 457 минг бизнес субъектларининг 137 мингини (32 фоиз) тадбиркор аёллар ташкил этади. 

“Тадбиркор аёл” ассоциацияси аёллар тадбиркорлиги ривожлантириш мақсадида 1991 йилда ташкил топган бўлиб, унинг ҳудудларда 68 та бўлимлари ташкил этилиб, уларда 200 га яқин мутахассислар жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда.

Мутахассислар жойларда аёлларнинг иқтисодий, тадбиркорлик ва жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, молиявий, таълим ахборот ресурсларидан фойдаланиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишга кўмаклашиб келмоқда. 

Ўтган давр мобайнида Ассоциация томонидан маҳаллий ва халқаро институтлар билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимларини ошириш, қайта касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш ҳамда оилавий корхоналар ташкил этиш борасида 100 га яқин лойиҳалар амалга оширилди. Таълим дастурлари билан параллел равишда ўқув ва методик қўлланмалар ҳамда дастурлар ишлаб чиқилиб тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларга бепул тарқатиб берилди.

Айнан Ассоциация фаолияти, саъй ҳаракатлари, амалга оширган лойиҳалари натижасида 80,1 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик малакасига эга бўлиб, уларнинг 80 фоизи иш билан банд бўлди. Ишбилармон аёллар томонидан 2020-2022 йилларнинг ўзидагина 14 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Ўтган давр мобайнида ассоциация хотин-қизларни тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида етарли тажрибага эга бўлди. 

Бироқ, бугунги кунда жойларда тадбиркорликни бошлаётган ва фаолият юритаётган хотин-қизларнинг эҳтиёжларига кўра хизмат кўрсатиш, уларнинг иқтисодий-ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. 

Хусусан, моддий-техник база етишмовчилиги, малакали мутахассисларни жалб қилиш, кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш имкониятининг йўқлиги, жамоат ташкилоти сифатида қўллаб-қувватлашнинг норматив-ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилмаганлиги Ассоциацияни институционал ва мамлакатда аёллар тадбиркорлигини янада кенг ривожлантириш имконини бермаяпти. 

Бизнес инкубаторлар ва тадбиркорлик марказлари орқали аёллар тадбиркорлигини кенг қулоч ёйдириш бўйича таклифларимиз тадбиркорликни, хусусан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларида ўз аксини топгани қувонарли, албатта. Ушбу ташаббус ижросини таъминлаш учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилиб, аёллар тадбиркорлиги марказлари барпо этилгани ҳам яхши. Лекин, "Тадбиркор аёл" Ассоциациясининг иштироки, тажрибаси, тадбиркорликка ўқитиш услуби, ушбу ҳаракатнинг самарадорлигини янада оширган, давлат маблағлари иқтисод қилинган бўларди.

Аксарият ҳоллларда аёллар тадбиркорлигининг ўзига хос спецификаси ҳисобга олинмай, унинг ижроси умумий тартибда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қошидаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси каби ташкилотларга юкланмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий-техника таъминоти ҳанузгача қониқарсиз ҳолатда. Биргина мисол. “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси фаолияти юритиб келган бино таъмирланаётганидан хурсанд бўлдик. Бироқ, ишлаб тургани вақтинча бино топиш масаласида соҳага масъул бирор бир ташкилот елкадош бўлмаганлиги жудаям ташвишли ҳолат, деб ҳисоблаймиз. Хайрият, Тошкент Иқтисодиёт университети раҳбарияти ўз биноси ертўла қисмидан 2 та хона ажратиб берди. Улар кўпроқ масъул экан, аёллар тадбиркорлиги ривожига. 

Ертўлада фаолият кўрсатиб ҳам Ассоциация бир ярим йил мобайнида маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида 10 га яқин катта лойиҳаларни амалга оширмоқда.  

Яқин кунларда анъанавий “Халқаро аёллар бизнес ҳафталиги” тадбирлари. Ҳафталикка биринчи навбатда Ассоциациянинг мамлакатимиз барча ҳудудларида фаолият юритаётган бўлимлари катта тайёргарлик кўришмоқда. 

Мақсад, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш, ҳукуматимизга елкадош бўлиш, ўзимиздаги орттирилган бой тажриба ва малакани мамлакат иқтисоди ривожига сафарбар этиш, давлат ташкилот ва идоралари билан ҳамкорликда Фармон ва Қарорларда белгилаб берилаётган стратегик вазифаларни уддалаш, Ўзбекистонни янги босқичга олиб чиқиш жараёнида фаол иштирок этиш. 

Фақат шу саъй ҳаракатлар самарали, биринчи навбатда давлатга, жамият ривожига фойдали бўлиши тарафдоримиз.

Г. Маҳмудова, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси

Теги :
Jamiyat