$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўтган йили 3 мингдан ортиқ мансабдор жиноий жавобгарликка тортилди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

2022 йил давомида республика бўйича 3116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Хусусан, улар талон-торож қилиш, фирибгарлик, порахўрлик каби жиноятларни содир этган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 12 млрд сўм зарар етказилган.

2022 йил давомида республика бўйича жами 2965 та жиноят иши бўйича 3116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 110 нафари республика, 264 нафари вилоят ва 2742 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.

Таъкидланишича, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар қуйидаги жиноятларни содир этган:

2103 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш;

265 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш;

243 нафари фирибгарлик;

169 нафари порахўрлик;

51 нафари мансаб сохтакорлиги;

22 нафари мансабга совуққонлик билан қараш;

14 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш;

249 нафари бошқа жиноятлар.

Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 12 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Тергов жараёнида ушбу зарарнинг 847 млрд сўми ундирилган.

Таъкидлаш лозимки, 2021 йилда бу статистика 2804 нафарни ташкил этганди. Ўшанда давлат ва жамият манфаатларига 913,7 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида зарарнинг 714,8 млрд сўми 78,2 фоизи ундирилган.