$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

14 та туманда "Маҳалла бюджети" тизими яратилади

Фото: Gazeta.uz Фото: Gazeta.uz

1 январдан солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилади. Аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини маҳалланинг ўзи ундириб олади. Маблағларнинг 10 фоизи кейинги ойнинг 10-санасигача туман бюджетлари орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади.

26 декабрь куни президентнинг «Маҳалла бюджети» тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги [ПҚ-458-сонли] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Давлат раҳбари октябрь ойида «маҳалла бюджети» тизими 2023 йилдан жорий этилишини, «ҳар бир маҳалла ўз муаммоларини мустақил ҳал қилиши»ни маълум қилганди. Бу ҳақда парламентга йўллаган мурожаатномасида ҳам айтиб ўтди.

Тизим 1 январдан солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманларда ҳуқуқий эксперимент тариқасида ишга тушади. Аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади.

Солиқ (нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача туман бюджетлари орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади.

1 мартгача мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисобланган, тўланган маблағлар ва солиқ қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлардан маҳаллалар реал вақт режимида фойдаланиш имкони бўлади.

«Маҳалла бюджети» тизими асосида шакллантирилган маблағлар «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бошқарилади.

«2023 йил якунида ушбу тажриба барча ҳудудларда жорий қилинади», — деб ёзганди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.