$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Президент Бектемирдаги тармоқлараро кооперация марказини бориб кўрди

Президент Бектемирдаги тармоқлараро кооперация марказини бориб кўрди

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ташаббуси билан ташкил этилган Бектемир туманидаги “Cooperation LAB” тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш марказига ташриф буюрди. Лойиҳа қиймати 2 миллион доллар бўлиб, унда 50 киши иш билан таъминланган. Марказ ғоядан растагача тамойили асосида автомобилсозлик соҳасида тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, импортни камайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ўстиришга мўлжалланган.

Ҳудуддаги доимий ишлайдиган кўргазма павильонида “Ўзавтосаноат” ва бошқа компаниялар томонидан мамлакат автобозорига импорт қилинаётган бутловчи деталлар, хомашё ва материаллар намойиш қилинади. Улар Ўзбекистон ҳудудида, жумладан, мавжуд корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмларини ва эҳтимолий йўналишларни намойиш этиш ҳамда импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш учун тақдим этилади. Юртимиздаги хомашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва бутловчи қисмлар импортини қисқартиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари марказнинг кооперация алоқаларига оид тақдимотлар билан танишди. Малакали конструктор ва олимларни жалб қилиб, янги техникаларни ўзлаштириш ва буюртма асосида етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди.

Машинасозлик ва электротехника соҳасида кооперацияни кенгайтиришда янги очилган “Cooperation LAB” маркази катта салоҳиятга эга. Ушбу марказ тадбиркорларга “ғоядан – тайёр маҳсулотгача” инжиниринг, техник ечимлар ва бозор топиш имконини беради.

Шу ерда вилоят ҳокимларига тадбиркорлар гуруҳларини шакллантириб, марказ билан бирга саноат кооперациясидаги янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Марказда ишлаб чиқилган таклифларни “лойиҳалар фабрикаси” орқали молиялаштириш учун тижорат банклари билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги айтилди.