Ўзбекистонда концерт ва томоша тадбирларини ўтказишга рухсат берилди
Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 28 январидан бошлаб санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда концерт ва томоша тадбирларини ташкил этишга рухсат берилди.
2 daqiqa o‘qiladi

Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 28 январидан бошлаб санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда концерт ва томоша тадбирларини ташкил этишга рухсат берилди.
Жумладан, концерт ва томоша тадбирларини ўтказиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:
– концерт саройларининг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаган ҳолда ташкил этиш;
– концерт саройларининг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш ва бу борада оралиқ масофани сақлаш учун талаб этиладиган ўриндиқларни консервация қилиш;
– концерт саройларига ташриф буюрувчи томошабин ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар қатъий ниқобда (маскада) бўлиш.
Шунингдек, ушбу қарор билан Республика махсус комиссиясининг умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан соат 8:00 дан 23:00 гача бўлган даврида фаолият юритиши билан боғлиқ бўлган чекловлар бекор қилиниб, Вазирлар Маҳкамасининг “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 24 июлдаги 624-сон қарори талаблари доирасида фаолиятни ташкил этилишига рухсат берилди.
Айни пайтда Республика махсус комиссияси аҳолидан коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъи риоя этишлари ҳамда мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида эришилган бугунги вазият бардавом бўлиши учун шахсий масъулиятни оширишларини сўраган.



