$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон Кардиология маркази Германиянинг энг нуфузли клиникаси билан ҳамкорлик қилади

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Кардиология маркази Германиянинг нуфузли Шарите клиникаси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида кадрларнинг хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Муассасамиз дунёнинг энг нуфузли клиникалари билан яқин алоқаларни йўлга қўйган. Хусусан, жорий йил ёш шифокорларимиз Россия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша каби хорижий давлатларнинг етакчи кардиология шифохоналарида малака оширди. Қолаверса, Алмазов номидаги Санкт-Петербург кардиология маркази билан тузилган шартномага асосан, бир гуруҳ мутахассислар юрак-қон томир касалликларини замонавий, юқори технологик усулда даволаш бўйича тажриба орттириб қайтди.

Бундан ташқари, шу йил Швейцариянинг Цюрих университети клиникаси профессорлари — Аҳмед Оуда ва перфузиолог Коен Вантилберг марказимизга ташриф буюриб, маҳаллий ёш кардиохирурглар билан бирга юқори технологияли жарроҳлик операцияларини амалга оширди. Ташриф давомида муассасамизга «ЭуроAsia Heart» фонди томонидан қиймати 1 миллион евролик ускуналар беғараз ёрдам сифатида топширилди, — дейди марказ директори Хуршид Фозилов.

Германиянинг Шарите клиникаси дунёдаги нуфузли шифохоналардан бири бўлиб, ўз мамлакатининг энг яхши тиббиёт муассасалари рейтингида 1-ўринни банд этган. Шунингдек, у амалиётчи шифокорлар ва илмий ходимларни ўқитиш, замонавий диагностика ва ўта мураккаб клиник ҳолатларни даволашда бой тажрибага эга. Эътиборли жиҳати, Германиядаги тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофотини олган олимларнинг аксарияти айнан шу клиникада таҳсил олган ва фаолият юритган.

Республика кардиология маркази мазкур нуфузли клиника билан мутахассислар малакасини ошириш ва маҳорат дарсларини ташкил этиш бўйича ўзаро келишувга эришди. Бу эса Ўзбекистонда кардиология соҳасини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Бундан ташқари, 2022 йил Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган Европа кардиологлар ассоциациясининг навбатдаги конгрессида муассасанинг 14 нафар мутахассиси Ўзбекистонда мазкур соҳада эришилган ютуқлари ҳақидаги илмий маърузалари билан иштирок этди.

Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида беморларга тўғри ташхис қўйиш, даволаш, бир сўз билан айтганда, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун 115 нафар етук ва малакали шифокор, хусусан, 1 нафар академик, 5 нафар нафар профессор, 18 нафар тиббиёт фанлари доктори, 30 нафар тиббиёт фанлари номзоди ва 39 нафар олий тоифали шифокор самарали меҳнат қилмоқда.