$
 12786.98
12.0
 13753.68
-160.83
 130.27
0.13
weather
+26
Кечаси   +14°

Булар ҳеч қандай альпинист ёки каскадёр эмас, журналистлар…

journalism

Ноўрин айбловлар, таҳдидлар, суиқасдлар, ҳар 4 кунда 1 та ўлим – булар бари журналистларнинг ҳаёти.

Душманни яқинингдан изла

Сўз бошини икки кун олдин Nuz.uz сайти журналисти билан бўлган воқеа орқали бошламоқчимиз. Воқеа шундан иборатки, журналист Михаил Давлатов аҳолидан келган мурожаатни ўрганиш мақсадида Тошкентнинг Учтепа туманидаги ҳудудлардан бирига боради. У ерда журналист ишга киришишдан олдин сигарет чекаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жамоат жойида сигарет чекканлиги учун идорага олиб борилади ва у ерда 5 соатдан ортиқ ушлаб турилади. Ундан кейин, журналистга протокол тузилиб, жамоат жойида чекиш,оммавий митинг уюштириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимига бўйсунмаслик айблари қўйилган. Nuz.uz сайти эса мазкур ҳолат юзасидан масъул идораларга мурожаат қилиб, қонунинг қаттиқ бузилиши ҳамда журналист ҳуқуқларининг поймол қилинишидан шикоят қилган.

Бош прокуратура эса мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирган. Унга кўра, Бош прокуратура журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан хизмат текшируви бошланганини маълум қилиб, мамлакатда оммавий ахборот воситалари фаолияти, шунингдек, журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан ҳимояланганини эслатди. Зеро, қонун бор экан, журналистлар фаолияти керакли тартибда ҳимоя қилинади.

Журналистика энг хавфли касблар қаторида

Юқоридаги ҳолат ачинарли, ваҳоланки ахборот тўплаш ва уни тарқатиш ҳамманинг қонуний ҳуқуқи ҳисобланади. Бундан ташқари, “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда айнан журналистнинг ахборот олиш, тарқатиш, суриштирув ўтказиш борасидаги эркинлиги қайта-қайта таъкидланган. Бу каби ҳолатлар жуда кўп учрайди. Дунё бўйлаб журналистлар ҳуқуқларини поймол қилиш анчагина популизмга айланиб қолган. Журналистлар ўлимини-ку айтмаса ҳам бўлаверади.

Қизиқ, одамлардан энг хавфли касб вакиллари кимлар эканини сўрасанг, уларнинг ҳаёлига биринчи навбатда экстремал вазифалар билан шуғулланадиган касблар келади, масалан ўт ўчирувчи, альпинист, ҳарбийлар. Журналистика эса киши ҳаёлининг бир чеккасига ҳам келмайди. Лекин, дунёдаги энг хавфли касблар қаторида журналистика ҳам бор.

Орамиздаги одамлар

Журналистларга таҳдидлар фаолиятида тўсқинликлар жуда кўп бўлади. Оддийгина мисол ҳозирда Қирғизистондаги вазият. Бишкек суди Қирғизистондаги бир қатор мустақил нашрларнинг 11 нафар журналистини икки ойга озодликдан маҳрум қилди. Бунга сабаб эса улар оммавий тартибсизликка даъват қилиш билан айбланмоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакат расмийларини ОАВга босим ўтказишни тўхтатишга чақирмоқда. Бу каби ҳолатлар юқоридаги каби кўп учрайди. Масалан, мухбир Бахтиёр Эсонов маст одамлар томонидан ўласи қилиб калтаклангани, “Qalampir.uz” журналисти Феруза Нажмиддиновага қилинган туҳмат ишлари бунга мисол бўла олиши мумкин.

Бугунги кунда қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатларда эмас, балки тинч мамлакатларда журналистларнинг ўлими ортиб бораётгани эса ачинарли ҳол. Тўғри, Ғазо ҳамда Россия-Украина масаласида қурбон бўлган журналистлар ҳақида кунора хабар ўқиб қоласан киши. Лекин бу тенденциянинг журналистлар ҳалок бўлишига қўшган ҳиссаси деярли сезилмайди. Чунки, маълумотларга қараганда ҳар тўрт кунда битта журналист вафот этади. Бундан келиб чиқадики, ҳар йили ўртача ҳисобда 90 та атрофида журналист қурбон бўлади.

Ҳар 4 кунда битта журналист қурбон

Рақамлар билан танишадиган бўлсак, охирги маълумотларни уруш бўлаётган мамлакатлардан бошласам. Унга кўра, уруш бошланганидан буён Ғазо секторида 109 та, Россия-Украина урушида эса 40 дан ортиқ журналистлар уруш қурбонига айланган. 2023 йилда эса 70 та журналист(ноябрь ҳисобида), 2022 йилда эса 88 та журналист ўз вазифасини бажараётгани учун ўлдирилган. Охирги 10 йилликда эса энг паст кўрсаткич 2019 йилда кузатилган бўлиб, у йили дунё бўйлаб 57 та журналист ҳалок бўлган. Яна бир маълумотга таянадиган бўлсак, ҳалок бўлаётган журналистларнинг ҳар 10 тадан 9 тасида суиқасд аломатлари кузатилган. Мамлакатимизда ҳам 2023 йилда бир қатор йўқотишлар бўлди. Лекин, биздагиларнинг ўлимига хасталик ёки бошқа бир омил сабаб бўлганини билиб, хурсанд ҳам бўлиб қўясан киши. UNESCO маълумотларига кўра, сўнгги 17 йилда дунё бўйлаб 1600 дан ортиқ журналистлар ўлдирилган.

Энг кўп жабрни эркак журналистлар кўрган

Маълум қилинишича, кўп ҳолларда зўравонлик қурбонлари эркак мухбирлар бўлган. UNESCO эса буни сиёсий ва уюшган жиноятчилик каби мавзуларни аёл журналистлардан кўра, кўпроқ эркаклар ёритиши билан изоҳлаган. Бунга сабаб аёлларда жисмоний ва психологик, шунингдек, зўрлаш таҳдиди ёки шахсиятига таҳдид, жинсий зўравонлик объектига айланиш эҳтимоли юқорилигидир. Дунё бўйича журналист аёлларга нисбатан онлайн зўравонликнинг умумбашарий тенденциялари бўйича сўровнома ўтказилганда, унда қатнашган 73 фоиз аёл журналистларда ўз фаолияти давомида интернет орқали таҳдид, қўрқитиш ва таъқиб қилиш каби ҳолатлар учраган.

Зеро, журналистларга касбий таҳдидлар, суиқасдлар бўлаверар экан, ахборот ва касб эркинлиги хавф остида қолаверади. Маълумот тўплаш ва уни тарқатиш барчанинг ҳуқуқи бўлса, унинг холислиги учун журналистлар кураш олиб боради.


Теги :
Jamiyat