$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Жиззахда 1 сентябргача электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Фото: Spot Фото: Spot

Президент раислигида ўтган видеоселекторда автомобилсозлик тармоғида ўсишни таъминлаш учун 2023 йил 1 сентябрга қадар Жиззахда электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Андижонда замонавий қуюв цехини, Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластерини тўлиқ қувватга чиқариш топширилди.

10 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида саноатда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Унда 2023 йилда саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари инфратузилмаси учун 1,7 триллион сўм йўналтирилиши маълум қилинди.

Таъкидланишича, «Ғиждувон» ва «Қўқон» эркин иқтисодий зоналари ҳудуди кенгайтирилади. Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг филиаллари ташкил этилади.

Мутасаддиларга:

1 июлга қадар саноат зоналарига ажратилган маблағлар ҳисобига инфратузилма масаласини ҳал этиш;

йил якунига қадар саноат зоналарида 1 минг 264 та лойиҳани ишга тушириб, қўшимча 3 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришни таъминлаш топширилди.

Йиғилишда бир ой муддатда 2023 йилда саноатни 14 фоизга ошириш бўйича саноат ва инвестиция дастурларини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда:

Самарқандда минерал ўғит, Навоийда қуруқ цианид тузи ва техник газ ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштириш;

1 июнга қадар Пистали конида 6-гидрометаллургия заводини ишга тушириш;

август ойида «Ёшлик-1» мис кони негизида 3-мисни бойитиш фабрикаси лойиҳасини якунлашни таъминлаш топширилди.

Автомобилсозлик тармоғида ўсишни таъминлаш учун 1 сентябрга қадар:

хусусий инвесторларни жалб қилиб, Жиззахда электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

Андижонда замонавий қуюв цехини, Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластерини тўлиқ қувватга чиқариш топширилди.

Аввалроқ, Фарғонада 2022 йил якунига қадар электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум қилинганди. Бундан ташқари, 2021 йилда Бухоро ва Андижон вилоятида электромобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилаётгани ҳақида хабарлар берилганди.