$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

“Исмлар” электрон луғати ва мобил иловаси ишга тушади

Фото: Kun.uz Фото: Kun.uz

Инсон дунёга келиши билан унга исм қўйилади ва у Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида тегишли тартибда қайд этилади.

Баъзида фуқаролик ҳужжатида нотўғри ёзилган исмларга дуч келинади. Шунда тўғри вариантини ёзиш керакми ёки ҳужжатда келтирилгандекми деб иккиланиб қолиш ҳолатлари кўп бўлади.

Ушбу жараёнда фуқароларга қулайлик яратиш, исмларнинг маъноси ва ёзилишидаги ўзига хосликларни эътиборга олиш, миллий қадриятларга мос исмларни оммалаштириш масалалари бугунги кунда долзарб ҳисобланади.

Адлия вазирлиги ташаббуси ва таклифига кўра Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фандар академиясининг бир гуруҳ олимлари томонидан ўзбек исмларининг электрон имло ҳамда изоҳли луғатини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Ушбу электрон луғатда исмларнинг ўзбек тили лотин алифбосида ҳамда инглиз тилида ёзилиши ва маъноси (изоҳи) акс этади. Луғат ФҲДЁ электрон тизимига интеграция қилинади. 

Ушбу лойиҳа фуқароларга исм танлашда, ФҲДЁ органлари ходимларига эса исмларни қайд этиш ва ўзгартириш жараёнларида муҳим таянч манба бўлиши назарда тутилган. Шунингдек, исмларни лотин алифбосида ёзганда йўл қўйиладиган хатоларнинг олди олинади.

Адлия вазирлигида бўлиб ўтган “Ўзбек исмларининг изоҳли имло луғатини яратиш ҳамда уни ФҲДЁ электрон тизимига интеграция қилишга доир муҳим масалалар” мавзусидаги вебинар ушбу масалалар муҳокамасига бағишланди.

Семинарда адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова, Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Саодат Муҳамедова ва ушбу университет доценти Муяссар Сапарниязова, Халқаро Ислом академияси проректори, профессор Зоҳиджон Исломов каби олимлар, шунингдек, республикамиздаги 200 дан ортиқ ФҲДЁ органлари ходимлари иштирок этишди.

“Бир отахоннинг исмлари Маркс экан. Ҳажга бориб келиб исмни Муҳаммад деб ўзгартирибдилар. Ёш катталашганда исм ўзгартириш нафақат инсоннинг ўзи, балки кўпчиликка таъсир ўтказади. Отахоннинг исмлари ўзгариши ортидан фарзандларнинг ота исми (отчествоси), набираларнинг фамилияси (набира келинларга қўшиб) ва уларнинг кўплаб ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилибди. Бироқ отахоннинг ва оиланинг иродасига қойил – барча буюрократик жараёнларга туриб беришган. Бугун Адлия вазирлигида ўтган семинарда шу воқеани айтиб беришди”, деб ёзади вазир маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова.

Муҳокамада мутахассислар “Нима учун Иймон, Ёсин (Ясин) каби исмларни қўйиш мумкин-у, Иймона, Ясина нотўғри”, “Шоҳрух, Мафтуна, Гулнора” каби исмларни нотўғри талқин қилиб, фарзандларга қўйманглар дейиш нима учун хато?” каби саволларга жавоб беришган.

Аввалроқ Муҳаммадали ва Солиҳа – камида уч йилдан бери Ўзбекистонда чақалоқларга энг кўп қўйилган исмлар бўлиб қолаётгани хабар берилганди.

Ўзбекистон туғилиш кўрсаткичи бўйича МДҲда биринчи ўринда бормоқда. Ўзбекистонда жорий йил январь-ноябрь ойлари давомида 850 282 нафар бола туғилган.