$
 12803.06
26.0
 13902.84
-17.77
 131.84
0.4
weather
+26
Кечаси   +14°

Кўмир талаш “мусобақаси”: мағлуб яна оддий халқ бўлиб қолмасин

isitish Фото: Gazeta.uz

Кечирасиз, сизларга бир саволим бор эди. Мободо кўмир таъминотига масъул шахслар орасида ўмариш бўйича мусобақа бошланмаганми? Ҳали қарасангиз Қашқадарёда, бир қарасангиз Самарқандда мактаб, поликлиника ёки аҳолига тарқатилиши керак бўлган кўмирлар талон-тарож қилинаётгани ҳақида эшитамиз. Бу жиноятлар ҳеч тугай демайди, бири қўйса, иккинчиси бошлайди, ютуққа каттароқ лавозим қўйилган, шекилли?

Мана масалан бугун, Қорақалпоғистонда 18 та таълим ташкилоти ва битта поликлиникаларга кўмир сотиб олиш учун ажратилган 1,1 миллиард сўмнинг 187,5 миллион сўмини чўнтакка урган. Шунингдек, кўмир етказиб берганлик тўғрисида ҳужжат сохталаштириб, яна 931 миллион сўм “ишлаб топган”.

Бир неча кун олдин эса Андижон туманида 362,3 миллион сўмлик 1,220 тонна, Булоқбошида 178,3 миллион сўмлик 445,5 тонна ҳамда Жалақудуқда 421,7 миллион сўмлик 1,419,9 тонна аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган кўмирни омбор мудирлари гўёки фуқаролар олгани тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, қиммат нархда нақд пулга сотиб юборган.

Урганчда 678,5 тонна, Нукус шаҳри, Тўрткўл, Амударё ва Қўнғирот туманларида жами 435,5 тонна, Қизилтепада 156,3 тонна, Бувайдада 1364,3 тонна, Учқўрғонда 623,7 тонна, Избосканда 1007,9 тонна, Жиззахда 2 346 тонна кўмир мудир омборларининг ҳакалак отган нафси туфайли муҳтож оилаларга етиб бормаган.

Келтирилган фактлар денгиздан томчи холос, қидирувга кўмир талон-тарожи деб ёзсангиз, юзлаб хабарлар тизилиб чиқади. Ҳайрон қоласан киши, шу йилда кўмир талон-тарожи шунчалик кўпайиб кетдими, ёки шу пайтгача ҳам бу ишлар ими-жимида келишилгану, биз хабар топмаганмизми?

Нега бирдан талон-тарож кўпайиб қолди?

Калаванинг учини топпиш учун 31 октябрдаги йиғилишни эсга олиш кифоя. Ўша куни президент томонидан энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда айрим ҳудудларда аҳолига кўмир тарқатиш тизими тўғри йўлга қўйилмагани, оқибатда етказиб берилган кўмирни юқори нархларда ноқонуний сотиб юбориш ва талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани танқид қилиниб, Бош прокуратурага тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб боришини назорат қилиш бўйича тизим яратиш топширилганди.

Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Бош прокуратуранинг ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда мунтазам равишда назорат тадбирлари ўтказилмоқда, яъни узун ташлаб қўйилган арқон бирдан тортилди ва кўриб турганингиздек, порахўрлик ва жиноятчиликка ботган тизимларимизнинг асл аҳволи янада ойдинлашяпти.

Энди эса кейинг савол, энергетика тизими мавзусидаги йиғилишда нега кўмир масаласи кўтарилди, ушбу тизим назоратини кучайтириш зарурати нега туғилди?

5 мингдан ортиқ обект кўмирда иситилади

16 феврал куни “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда, газни тежаш мақсадида йил охиригача 5407 та ижтимоий обект кўмирда иситишга ўтказилиши айтилган.

         Ушбу обектларга 2229 та боғча, 2432 та халқ таълими ва 746 та тиббиёт муассасаси киради. Ушбу ташкилотлар иситилиши учун 184,4 минг тонна кўмир етказиб бериш кўзда тутилади.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти матбуот котиби Неъмат Душаев эса 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳолига1 190,8 минг тонна кўмир етказиб берилишини айтган эди. Бу ҳажм аввалги йилларга қараганда анча кўп, масалан, 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида республика аҳолисига 882 минг тонна кўмир етказиб берилиши режалаштирилган эди.

Мактаблар ўтин, аҳоли таппи ёқишга мажбур бўлади(ми)

Йиғилишда ушбу обектларга кўмир етказиб бериш, давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши учун Давлат шериги ва хусусий шериклар жавобгар бўлиши айтилган. Бундан ташқари 13 мингта обект (уларнинг кўпи мактаблар) иситиш тизими хусусий шерикларга топширилган. Давлат шериги этиб ҳокимлар тайинланган ва улар хусусий шерикларни танлаб олиши керак эди.

Ушбу янги тизим, кўмирга ўтилишинг асосий сабабларидан бири газни тежаш, ўтган йилги каби аномал совуқда аҳол ҳақида қайғуриш эканлиги бор гап. Лекин шундоқ ҳам кўплаб чекка ҳудуд таълим муассасалари иситиш тизимига уланмаган, сифациз ёки умуман етиб бормаган кўмир сабаб минглаб ўқувчилар совуқда қалтираб, палтою курткаларда ўтирарди. Бугун иситиш тизимидан узилган мактаблар янада кўпайди, уларнинг сафига эса бошқа обектлар ҳам қўшилди.

Хусусий шерикларнинг эса аҳволини кўриб турибсиз, уларнинг аксарияти устидан суд иши очилган. Ушбу очилган ва очилаётган маҳкама ва тергов иплари қаергача боришини олдиндан айтиш қийин. Бу воқеалардан жабр кўрадиганлар эса яна оддий одамлар бўлиб қоладими? Тўсатдан совуқ тушиб қолса, аксарият мактабларда на кўмир, на ишчи, на пул бор, иситишга масъуллар эса “қамағда”. Ягона чора эса синфхоналарда печка ўрнатиб, ўтин ёқиш бўладими?

Муҳтож аҳоличи? Имтиёзли нархда тарқатилиши керак бўлган кўмирларнинг ҳам жуда катта қисми сотиб, еб юборилди. Газ йўқ, ўтин сотиб олишга қурби етмаган халқнинг умиди яна таппими? Ўйлаймизки, бизни қийнаётган ушбу саволлар хусусий шерикларни танлаган, улар қаторида маблағларга жавобгар бўлган, давлат шериги ҳисобланмиш ҳокимларни ҳам ўйлантиряпти.