$
 12670.05
37.83
 13560.75
82.17
 138.00
3.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Эрон авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни йўлга қўйди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Эроннинг Qeshm Air компанияси Ўзбекистонга мунтазам авиарейсларни йўлга қўйди. Парвозлар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари амалга оширилади. Бу бўйича келишувга Эрон президентининг сентябрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида эришилган эди.

22 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:53 да Эроннинг Qeshm Air авиакомпаниясининг самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Теҳрон — Тошкент — Олмаота — Теҳрон йўналиши бўйича учган Airbus A300−600 борти анъанавий тарзда сув аркаси билан кутиб олинди, дея хабар бермоқда Uzbekistan airports матбуот хизмати.

Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган. Парвозларнинг очилиши Ўзбекистон ва Эрон раҳбарияти ўртасида — сентябрь ойида Эрон ислом республикаси президенти Иброҳим Раисийнинг мамлакатга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар самараси ҳисобланади.

Хусусан, ташриф давомида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида, бир қатор виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва сайёҳлик оқимини кучайтиришга қаратилган, туризм соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Маълумот ўрнида, Qeshm Air — штаб-квартираси Теҳронда жойлашган, 1993 йилда ташкил этилган Эрон авиакомпанияси бўлиб, маҳаллий ва халқаро йўловчи рейсларини, шунингдек, чартер рейсларини амалга оширади.