$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

"Ҳудудгазтаъминот" Тошкент вилояти филиали директори қамоққа олинди

Фото: ЎзА Фото: ЎзА

Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раҳбарлигида ўтказилган энергия ресурслари бўйича йиғилишда бир қанча соҳа раҳбарлари, хусусан, «Ҳудудгазтаъминот» Тошкент вилояти филиали директори Музаффар Алиевга нисбатан жиноят иши очилгани ва қамоққа олингани маълум қилинди.

11 декабрь куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раҳбарлигида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалалари бўйича Республика штабининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Унда, жумладан, қонунбузилишга ҳамда масъулиятсизликка йўл қўйган соҳа раҳбарларидан айримларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва қамоққа олингани маълум қилинди.

Бош прокурорнинг маълум қилишича, «Ҳудудгазтаъминот»нинг Тошкент вилояти бўйича таркибий бўлинмаси бўлган «Ҳудудгаз Тошкент» филиали директори Музаффар Алиевга нисбатан жиноят иши очилган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, дея аниқлик киритди президент Администрацияси раиси ўринбосари Комил Алламжонов ўзининг Telegram-каналида.

Шунингдек, «Янгийўл тумангаз» раҳбари Умид Тўйчиев ва «Гулистон туман электр тармоқлари корхонаси» собиқ раҳбари Фурқат Шодмонқуловга ҳам жиноят иши очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

«Агар бошқа ҳудудлардаги масъуллар ҳам бундан тўғри хулоса чиқармаса ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйса, уларга ҳам албатта худди шундай жиноий иш қўзғатилади», — деди Сардор Умурзаков.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш зарурати туфайли табиий газдан фойдаланиши вақтинчалик тақиқланган «Олмалиқ ғиштчи» МЧЖга қарашли ғишт заводи газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олгани ҳақида хабар берганди.

Вилоят газ таъминоти ташкилоти раҳбари прокуратурага мазкур корхонанинг фаолият юритиши зарурати тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, буни маълум экспортчилар рўйхатига киритилгани билан изоҳлаган. Вазирлик бу ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва аниқланган фактлар юзасидан унга нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини қайд этганди.