$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Техноген таъсирдан “қутулолмаётган” тарихий ёдгорликлар

Sulton saodat Surxondaryo

Маданий мерос объектларига 28 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилган. Бу ҳақда «Маданий мерос агентлиги томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили» мавзусида матбуот анжуманида маълум қилинди.

Бир йилда музейларга 5 миллион нафарга яқин ташриф бўлган

Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Т.Қўзиев маълумотларига кўра, жорий йил давомида республикадаги музейларга жами 5 миллион нафарга яқин маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Шундан, “Мозийга саёҳат” дастури доирасида ташриф буюрувчилар сони 3 миллион 63 минг 288 нафарни ташкил қилган. Жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар 173 минг 61 нафарга етган.

49,1 миллиард сўмлик шартнома

2023 йилда 53 та маданий мерос объектида реставрация, таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш ва қолган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 49,1 миллиард сўмлик шартнома расмийлаштирилган ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бошлаб юборилган. 5 та давлат музейи биносини мукаммал таъмирлаш учун 2,7 миллиард сўмлик пудрат шартномалари расмийлаштирилган. Бундан ташқари 6 та давлат музейи биносини мукаммал таъмирлаш учун лойиҳа(лаштириш) ташкилотлари билан 414 миллион сўмлик лойиҳа шартномалари устида иш олиб борилмоқда. 

Ўтган 2020 йилда яратилган Миллий музей фондининг электрон каталоги тизими (www.davkatalog.uz)га 46 та давлат музейи бириктирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 1 миллион 269 минг 377 та музей ашёси ва коллекцияси электрон идентификация қилинишига эришилган. 

Имконияти чекланган шахслар учун ҳам шароит яратилди

Музейларга ташриф буюрувчи меҳмонларга қўшимча хизматлар ташкил этиш мақсадида музейлар ва туристик йўналишлардаги 18 та маданий мерос объектида “Museum shop” (музей дўкон) тизими йўлга қўйилди. Имконияти чекланган шахслар, нуронийлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга қулайлик яратиш мақсадида 47 та музейда пандус йўлакчалари, 7 та музейда кўтарилиш воситалари (лифт) ўрнатилди ва 30 га яқин музейда аудиогидлар ташкил этилди. 

Мутахассисга кўра, археология тадқиқотларини олиб бориш учун 114 та рухсатнома расмийлаштирилган. Шундан, 83 таси археологик қазув ишлари учун бўлса, 31 таси археологик қидирув учун берилди. 

5 минг 240 та муҳофаза белгилари ўрнатилган

Шунингдек, 2023 йилда республика ҳудудида жойлашган маданий мерос кўчмас мулк объектларининг 5 минг 240 тасига муҳофаза белгилари ўрнатилган, 6 минг 780 та объектга жамоатчи инспекторлар бириктирилди, 7 минг 832 та кадастр йиғма жилди шакллантирилган. Маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 1001 та тадбиркорлик субъекти билан ижара шартномалари тузилган. 

28 миллиард сўмдан зиёд зарар

Йил давомида маданий мерос объектлари ҳамда унинг туташ ҳудудларида 160 (25 та жиноий, 135 та маъмурий) ноқонуний ҳолатлар аниқланган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Амалга оширилган давлат назорати тадбирларида маданий мерос объектларига умумий ҳисобда 28 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилгани аниқланган. Мамлакатимиз ҳудудидан маданий бойликларни ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга уриниш ҳолатлари давомида жами 1,6 миллиард сўмлик 2 минг 36 та ашё тегишли тартибда тўхтатиб қолинган ва 210 та экспертиза хулосаси тайёрланган.